ОРЗУЛАР САРИ

ОРЗУЛАР САРИ

Сообщение turobov » 10 фев 2017, 09:58

Шалола Турсунова
Шалола Турсунова 1992-йил Каттақўрғон тумани Бешдарғат қишлоғида туғилган.
Ҳозирда Алишер Навоий номидаги Самарқанд давлат университети ўзбек филологияси факультетининг 4-босқич талабаси. “Шалола” ижодий тўгараги аъзоси. Шеърлари матбуотда эълон қилинган. «Қишлогим» номли шеъри «Зарафшон мавжлари» баёзига киритилган. “Орзулар сари” номли биринчи китоби чоп этилган. “Парнас” клуби машғулотларида 2014 йилдан иштирок этади


* * *
Тириклик шартидир, ҳаттоки дарахт,
Куз пайти баргидан кечади осон.
Баҳор келгач, яна янги барг қилар,
Изсиз унутилар, сарғайган хазон.

Лекин мен, эйки дўст, дарахт эмасман,
Шеърият ишқидин қандоқ кечайин.
Бу ҳаёт менга деб қадаҳ тутибди,
Не келса тақдирдан, майли, ичайин.

ОРЗУЛАР САРИ
Юр, кетамиз, кеттик яқиним,
Ойнинг оппоқ ёғдуси сари.
Бу кенг само, оқ булут, оқ йўл,
Оқ орзулар бизники бари.

Хаёллардан қанот боғлаймиз,
Армонларни қолдириб доғда.
Бахтнинг нозик кўнглин овлаймиз,
Юлдузлар гуллаган чорбоғда.


Ҳар неники чораси бордир,
Гуркираган гул ёшлигимиз.
Қолипларни парчала, сиғма,
Ярашади бебошлигимиз.

Ёнингда мен борман чўчима,
Хаёлингни ердан бир дам уз.
Ой нурида қувна, эркалан,
Булутларда тўйгунингча суз.

Уммон, осмон, бу чексиз хаёл,
Ёшлигимиз гулгун йиллари.
Юлдузлардан юксак руҳимиз,
Бошлаб борсин орзулар сари.

ОТАМ
Омон бўлсин боши доим отамнинг
Номозгоҳим бўлсин пойи отамнинг
Г. Асқарова
Паноҳида ўсдим каму кўст билмай,
Ўзларидан ўзгасини дўст билмай.
Қайга борса, ортларидан ҳеч қолмай,
Бўлдим ўзим ўғилойи отамнинг.

Ўйлардилар даласини, ишини,
Дам демаслар ёз-ку, ҳатто қишини.
Лекин: “Уйча чизиб беринг”,- десам гар,
Қопкетарди қорган лойи отамнинг.

Ёрдам керак, бор йўғини бердилар,
Соддаликдан баъзида панд ердилар.
Тўраликка даво қилмас бўлса ҳам,
Тўрдан бўлди доим жойи отамнинг.

Ўхшамайди бағрига ҳеч бу дунё,
Нағмалари юз наво, оҳанграбо.
Менга аъло минг ҳаётбахш наводан,
Ҳуштак қилиб чалган куйи отамнинг.

Соғинчларин юрагида сир тутиб,
Юрадилар доим биздан фаҳр этиб.
Шаккок деманг, ҳатто ҳажда бўлсам ҳам,
“Номозгоҳим бўлсин пойи отамнинг.

Омон бўлсин боши доим отамнинг”.

* * *
Эй, менга Oллоҳдан берилган тортиқ,
Майли ҳижрон беринг керакмас ҳордиқ.
Иккимизга соғинч висолдан ортиқ,
Ўйламай бўлурми
cизни
дил тўлиб.
Нигоҳингиз
чақин,
нигоҳингиз ўт,
Қуёш нурин тўсар, ғурур бир булут.
Меҳрингиз тафтидан минг араз унут,
Куйламай бўлурми, сизни сел бўлиб.

Кўнглимга гоҳ ҳоким, гоҳи қул бўлиб,
Назардан қоларман балки, кул бўлиб.
Гулбаргим тўксада қаҳр дўл бўлиб,
Эсламай бўлурми,
сизни
бир кулиб?
Аяманг бунчалик, меҳр қаҳатмас,
Эрта йўқман, балки, инсон абадмас.
Бу оҳим чорласа сизни ажабмас,
Қошимга элтгувчи қисқа йўл бўлиб.

* * *
Дерларки: “Бўй топдим сарвдек санобар,
Дил топмадим, кўнглим бирла баробар”.
Бутун умр ёлғиз яшаб бўлмас-ку,
Балки, бу дунёда бедиллар яшар.
Излаб ўтамизми, ўлгунимизча
Кел, кўнглим, йиғлаймиз тўйгунимизча.

Ўзинг-ку ҳамдамим, ҳамроҳ не керак?
Хато умримизга гувоҳ не керак?
Ўзимиз бир дунё, дунёлар нечун?
Кўзим ишққа тўла, тупроқ не керак?
Қўрқиб ўтамизми, ўлгунимизча,
Кел, кўнглим, йиғлаймиз тўйгунимизча.

Базилар айтади: “Ишқ ўзи надир?
Шодликлардан гапир, шоҳликдан гапир”.
Дейдики: “Бу дунё нақдин дунёдир,
Бизга насиядан нима фойдадир”.
Улар билан ўйнаб, кулгинимизча,
Кел, кўнглим, йиғлаймиз тўйгунимизча.

Юракда оҳимни тингла бир нафас,
Ёлғизлик ҳақликка давойим эмас.
Шунчаки, сиғмадим “дунёчалар”га,
Шу сабаб мен учун ишқнинг ўзи бас.
Ўксиб ўтамизми, ўлгунимизча,
Кел, кўнглим, йиғлаймиз тўйгунимизча.

Ҳилватга кетамиз, сен ва мен, эркам,
Ёлғизлатиб қўймас, қадирдоним ғам.
Биз тўккан кўз ёшлар ишқнинг нурлари,
Дунёни ёритсак, тақдирга алам.
Биз шундай яшаймиз, ўлгунимизча,
Кел, кўнглим, йиғлаймиз тўйгунимизча.
turobov
Прохожий
 
Сообщений: 52
Зарегистрирован: 17 янв 2017, 09:22
Имя: Abdurayim
Фамилия: Turobov
Статус: Учитель

Вернуться в PARNAS ijodiy klubi

Кто сейчас на форуме

Сейчас этот форум просматривают: нет зарегистрированных пользователей и гости: 1

cron