ҚИЗҒАЛДОҚЛАР ТУПРОҚДА УНАР (Эшқобил Вали)

ҚИЗҒАЛДОҚЛАР ТУПРОҚДА УНАР (Эшқобил Вали)

Сообщение turobov » 23 янв 2017, 09:46

ҚИЗҒАЛДОҚЛАР ТУПРОҚДА УНАР (Эшқобил Вали)
Самарқандлик шоир Эшқобил Вали “Пахса қишлоғим”, “Минг иккинчи кеча”, “Сукунат мулки” китоблари билан ўқувчиларга таниш.Шоир ўзининг овозига ва услубига эга. Шеърлари туғилишида-ёқ ёмғирдай қуйилиб келганлигини ўқиётган пайтингизда сезиб турасиз. Ҳа, дарҳақиқат, Эшқобил Вали туғма иқтидор соҳиби. Мутлоқ яратувчидан берилган инъом бўлмаганда эди, шеърлар ёмғирдай қуйилиб келмас эди. Эшқобил Вали баҳор одами, негаки ёзилган шеърларининг кўпчилиги уйғониш, ёшариш пайти баҳор ойларида ёзилганлигининг гувоҳи бўламиз. Шоир кайфият одами, шу сабаб шеърлар ҳам кайфиятга қараб гоҳ жўшқин, гоҳ сокин, гоҳ маҳзун, гоҳ ўйноқи мисралардан иборат. Ўзбек характерини, расм-русумларини, қишлоқ ҳаётини, ёзилмайдиган ички-ички миллатнинг ўзига хос анъаналарини ифодали тасвирлайди.
Содда қалби оддий ўзбекнинг
Хуш кўрмадим қурғонин бекнинг.
Том устини тош қилманг, эй бек,
Қизғалдоқлар тупроқда унар- деб оддийликни куйлайди. Қишлоқдан чиқиб томири ердан узилган манманларга зарба беради. Ҳа, Эшқобил Вали шеърлари курашчан шеърлар. Шоирнинг курашадиган объектлари аниқ. Булар номардлик, саводсизлик, қалоқлиқ, лаганбардорлик, хиёнат, калтабинлик, қоғозбозлик каби иллатлардир.
Ишдаги ва ҳаётдаги муаммоларни:
Ҳар шанбада ерлар музғалоқ,
Ҳар якшанба туғар хотиним.
Ҳар душанба ишда иш чатоқ,
Бошқа кунлар портлар мошиним - деб ёзиб кўнглига таскин беради. Глобаллашаётган тезкор даврда муаммоларнинг қалашиб кетаётганлигини, қоғозбозликнинг ортиб бораётганлигини пайқайди. Унинг ечимини топишга харакат қилади. Айниқса она шаҳримиз Самарқандни улуғлаб ёзган “Арзимадик” номли шеъри эътиборга молик. Самарқанд ҳақида шоир шундай ёзади:
Ошиқ бўлиб мансабининг чортоғига
Кетиб қолдик бир ерларнинг чатоғига;
Илиндикми манманликнинг қармоғига
Ё учдикми киборларнинг тавоғига,
Лабни буриб авлиёлар ётоғига,
Кетавердик саробларнинг қўноғига,
Арзимадик Самарқанднинг тупроғига.
Бойликка, обрўга, мансабга учиб ўз она шаҳрига хизмат қилмаётган ва турли хил шаҳарларда бойлик, обрў, мансаб излаб юрган самарқандликларга нисбатан “Арзимадик Самарқанднинг тупроғига” –деб зарба беради.
Шеърнинг кейинги мисраларида эса Самарқандни улуғлаб шундай дейди:
Шоҳлар унда яшамоқни ҳукм деган,
Таълим олмоқ Шаҳри дилда удум деган,
Тахт демаган, майли, илми нужум, деган,
Мудом яшаб ўлмоқликни улум деган,
«Ўлсам агар Гўр Амирга кўминг», деган,
Шўнғиймиз деб ҳою ҳавас қучоғига,
Арзимадик Самарқанднинг тупроғига.
Бутун мусулмон оламида Самарқандда яшаш олий саодат ҳисобланган. Самарқанд таълимини олиш шарқ задагонларининг азалий орзуси бўлган, шунга интилган. Ориятчил ўзбек ҳалқи “Тахт демаган, майли, илми нужум, деган”. Ҳар қандай бойликдан, ҳаттоки шоҳликдан ҳам зиёлиликни устун қўйган,маънавий бойликка интилиб яшаган.
Олтмишда ҳам уй қуради қизиқ ўзбек,
Иморати ортда қолар ёдгор, издек.
Бу юртларда қирқни урган келин-қиздек,
Эркаклари нари-бери, ўзимиздек,
Қабрига-да тупроқ излар тупроқсизлик…
Эл бўлмасдан темир-бетон даргоҳига,
Арзимадик Самарқанднинг тупроғига.
Болажон, фарзандсевар ўзбек ҳалқини “олтмишда ҳам уй қуради қизиқ, ўзбек” - деб таърифлайди. Ҳаммага бирдек, ҳатто душманига ҳам яхшиликни истайдиган ЎЗБЕК ХАРАКТЕРИНИ очиб беради. Ўзи емай боласига едирадиган, ўзи киймай боласига кийдирадиган, ўзидан сўнг из, нишон қолдирадиган халқ бу –ЎЗБЕК ҳалқи эканлигин таъкидлайди.
Ҳавосида, ҳар касида, ҳозирда, бор,
Тиллолари, баракаси, хайр-да, бор,
Тотмоқ ният ҳар бир дўсту ғайирда, бор,
Машҳур нонин ушоғи-да қаерда бор,
Бўйларини истаб сарсон ҳар ерда бор
Хори зору, хори зору қаймоғига,
Арзимадик Самарқанднинг тупроғига.
Аждодларга муносиб қолиб, ер юзининг сайқали бўлган Самарқандда яшаш катта маъсулият юклашини пайқайди. Ҳар бир Самарқандликни аждодларга муносиб яшашга даъват этади. Шоир яратган бадиий қаҳрамон ўзидан қониқиш ҳосил қилмайди. Тинимсиз ўзини-ўзи тафтиш этади. Шу сабаб ҳам шоир яратган қаҳрамон баралла: “Арзимадик Самарқанднинг тупроғига” –деб жар солади. Ҳар бир Самарқандликка аждодларга муносиб яшаш кераклигини даъват этади.
Яна бир Самарқандга бағишланган шеърида:
Яшай билсам қучоғингда шоирга монанд,
Чин шоирга рутба йўқдир бундан-да баланд,
Олий бахтим, ғурурим – мен сенга фарзанд,
Қонима қон, қутлуғ макон, Самарқанд бу! –деб ёзиб, Самарқандда яшаш олий бахт эканлигини таъкидлайди.
Абдурайим ТУРОБОВ, СамДЧТИ доценти.
turobov
Прохожий
 
Сообщений: 52
Зарегистрирован: 17 янв 2017, 09:22
Имя: Abdurayim
Фамилия: Turobov
Статус: Учитель

Вернуться в PARNAS ijodiy klubi

Кто сейчас на форуме

Сейчас этот форум просматривают: нет зарегистрированных пользователей и гости: 1

cron