Э.ВАЛИ. ОҚҚОРЛАР БАҒРИДА (хикоя)

Э.ВАЛИ. ОҚҚОРЛАР БАҒРИДА (хикоя)

Сообщение turobov » 18 янв 2017, 10:21

ОҚҚОРЛАР БАҒРИДА
(альбом-ҳикоя)

Алп тоғларида овчилар ниҳоятда гўзал оҳуни ушлашди ва яна қўйиб юборишди. Оҳунинг бўйнидаги олтин халқага «Менга тегманг, Цезарга тегишлиман!» деб ёзилганди.
Бу воқеа Цезарь вафотидан уч юз йил ўтгач содир бўлган эди.
Халқ ривоятидан

Меҳри опа ёзувчининг сайтига кирди. Улар нашриётда бирга ишлашарди…
Опа ёш йигитга ишонарди. Кекса таржимоннинг «бу йигитча бировлардан фикр ўғирлайди», деган иғвосига ажабланди - писмиқ гапни хазм қилолмади.
Унинг йигитдан умиди катта эди, шундан унинг сайти орқали ёзганлари билан танишмоқчи бўлди. Ёзувчининг сайти паролсиз эди: бемалол кириб ўқиш, ўзлаштириш мумкин. Меҳри опа буни ҳардамхаёлликка йўйди. У интернетни очиб қўйиб, қаҳва дамлади ва саҳифалар, файллар, папкалар билан таниша бошлади…

Биринчи папка. ТУМОНАТ.
Файл. БОЗОР
Ҳаво изиллаган совуқ эди. Изғирин кемтик тишларини муз қоплаган электр симларига қайраб, ажина тилида узоқ-узоқларда афсун ўқирди.
Қочган-писган даллоллар, жаллоблар ҳафталик ризқдан бебаҳра қолмаслик умидида саҳармардонлаб бозор томон жадал энишарди. Шошилаётганлар нафс зуғуми билан бозор дарвозаси арафасида овозга зўр бериб савдолашаётган олиб сотарларга эътибор беришмасди…
Танаси тарвақайлаб кетган рапитабет одам, форма кийган ёшгина милиционерни дўқларди:
- Сендақаларни синдириб қўяман… Михлаб ташлайман тушундингми… Ичагингни бошингга салла қиламан, сволоч, тилингни суғуриб олиб бир ерингга тиқиб юбораман, пацан… Машинангни четга ол, дейсан!?
Рапитабет авж оларди. Унинг кўриниши нисбатан ёш бўлса-да, важохати филни ҳуркитарди; кийиниши бинойидек кўринса-да, дид етишмаслиги кўзга ташланиб турарди. У чорхона гиммаз кўйлакка қизғиш галстук боғлаб олганди, қоравут кул ранг шимига боғланган энли қизғиш-қўнғир қайишига эски модадаги қўл телефон селкиллатиб осилганди Кучайиб бораётган бозор шовқинидан Рапитабетнинг ҳақоратомуз гаплари узуқ-юлуқ қулоққа чалинарди: «… Мен Фалончиевнинг муовиниман… Полковник Пистончиев у кишининг қайниси бўладилар… Йўлимни тўсасан?.. Фаолиятингга нуқта қўяман! Формангни ечдираман ҳа демай!».
Муовин сўзи унга сира ҳам ўтиришмасди. Аслида у чиндан ўз соҳасида кўзга кўринган муовинлардан эди.
Ҳаво совуқлигига қарамасдан, ер нам бўлса-да, лойгарчилик эмасди.
.....................................................................................................................
Файл. ҚЎРҚОҚЛИК
Уларнинг қиёфаси бинойидек бўлади. Сиртига сув юқтирмайди: сипо, сервиқор, кўзларига сирли маънодорлик йўғрилган. Бундайларга савол бериб, жавобдан қутилиш қийин. Сиз савол беришингиз орқали ўз мавқеингиз пастроқ эканлигини билдирасиз, оқибатда туғилганидан буён қўрқоқлиги оқибатида хўрланган нарса бўй чўзади, саволингизга камтарона, жўнгина жавоб ўрнига, оламшумул ғазаб, жеркиниш, киноя тинглайсиз. Қўрқоқлар доимо тайинли жойда, тайинли пайтда ва тайинли одамлар олдида пайдо бўлишади. Уларнинг нигоҳларидаги маъно ҳеч қачон ойдинлашмайди. Қўрқоқлик серниқоб бўлади; улар керакли лаҳзада бир дамда, йиртқичга, аниқроғи, тутқич бермас ўғри шақолга айланишади. Айтгандек, ўзбеклар шақол деб итдан тўлаган бўри боласини айтишади. Сиртидан бўри, сийратан туллак оч, беэга дайди ит…
Қўрқоқ ва ожиз кимсалар ўзларини доно ва ижобий кўрсатиш қобилиятининг юксак чўққисини эгаллаган бўлишади. Яхши уй-жой, хизматда паст бўлмаган муқим мавқе эгаллашади. Ҳатто вазият тақозо қилса, ўрни келганда керакли мутахассис сифатида ўзларини намоён қилишади. Уларнинг аслида ягона ва аксарият учун хавфли томонлари ҳам шунда: улар яхши меҳнаткаш – деҳқонқул бўлишади. Зеро, улар бир умрлик ҳадик билан шунга интилишади: мавқеларидан ажралиб қолишдан қўрқиб, касбий малакаларини сайқаллашади, касбга садоқатлари билан кўнгиллари туби-тубидаги маддоҳликни яширишади.
Қабиҳлик қонунига кўра қўрқоқ зотлар мард инсонларга кўра жамиятда юқорироқ мартаба ва мансабларни эгаллашади. Бунинг ўз объектив ва субъектив сабаблари бор. Шундан-да бундай жамиятда оддий кишилар турмуши фисқу фасодга тўлиб, маънавий раддиялар, таназзуллар оғушида кечади; муҳит палакмурдалашади, курашчанлик ҳисси тумтоқлашади. Сипойи қўрқоқлар гуруҳи бу пайтда бошқалар қатори ҳукмронлик қилишади. Шахс фазилати, билимдонлик, ташаббускорлик ижодкорлик ва яратувчанлик ортга чекинади, сунъийлик, номутаносиблик кучаяди. Доно, ақлли, билимдон, бироқ йўқсил одамлар ижтимоий зинапоянинг пастида туришади ва бунда, энг муҳими, шу ҳолатда ҳам инсоний жасурликни сақлашади. Қўрқоқ каслар эса, хиёнат, нодонлик, устамонлик ва тажриба эвазига вазиятни бошқаришади. Ижтимоий таназзул кескинлашади ва Заҳҳок салтанатининг шамоли эса бошлайди.

Файл. ИШКАЛ.
Ўчирилган.

Файл. ХОРИШ.

Бозорда тонг отарди. Иши юришмаган даллоллар гашти бозор, деб жазавага тушиб савдоси оғир сотувчиларнинг қўлини кифтидан юлиб олгудек бўлиб барака тилашарди. Антиқа ўлчовлар, менгзашлар жарангларди. Осмондаги яккам-дуккам юлдузлар улар устидан киноя қилгандек жимир-жимир қилишарди…
Аширғалча бозордан арзон деб шохдор араби қўй сотиб олди. Урҳо-ур бозордан чиқишнинг ўзи бўлмайди. Сурувга ўрганган қўй акс феълини кўрсатди: ҳайдовга ёлғиз юрмайди, етакласа, ётиб олади. Ашир ғазабланди, гўё ҳамма нуқул унга қараётгандек ийманиб кетди, аммо сўкинмади. Бир бало қилиб қўйини бозордан олиб чиқди. Чўнтагидаги охирги сўмини ҳам паттачиларга берди.
Бекатгача икки юз одимча масофадан қўй судраш осон эмасди. Ўжар жонвор ётиб олар, худди ўликдай узала тушарди. Асаби дош бермаган Ғалча олдин қўйни судради, аммо атрофдагиларнинг эътибор беришаётганини кўриб, тўхтаб қолди. Кейин қўйни шохидан кўтариб оёққа қўйди. Жонвор икки қадам ташламасдан яна ётиб олди. Аширғалчаники шу ерда тутди: олдин ипни қўйнинг шохига уради, кейин бор кучи билан ётган жониворнинг қорнига тўп тепгандек зарба бериб, сўкинди: «Ҳайвон, ҳароми чўчқа!».
Сўнг ҳаракатини ва сўкинишни такрорлади.
Ҳали бозор дарвозасидан узоқлашмаган Аширғалчани томоша қилувчи етарли эди. Аммо назоратни йўқотиб қўйган кишига барибир эди. У бедор туннинг аламини олмоқчидек сўкиниб хуморидан чиқди. Ўтиб кетаётганлардан кимнингдир раҳми келиб «Молга азоб берманг-да, уволига қоласиз. Касал бўлса, сўйиб ташланг!» деб йўл-йўлакай маслаҳат берди. Аширғалча кулиб юборди: «А иккағарни фалон пулга бозордан олиб, кўчага сўйиб ташлайинми… Касал эмас, феъли чарс экан, юрмаяпти занғар, қўй эмас, нақ чўчқа…». Сўнгги сўзини айтиши билан Аширғалчанинг қошида аллақаердан тиламчи мултони чол пайдо бўлди: «Ука, қўйни не мақсадда олувдингиз?»- Худди судда тергов қилаётгандек ўсмоқчилади чол. Ашир ўзини айбдордек ҳис қилиб, шошиб жавоб берди: «Энамнинг руҳига садақа қилмоқчи эдим. Бу чўчқани хомталаш қиламан…»
У муллалардан қўрқарди. Жодулашади, дуойибад қилишади, деган гаплар унинг қон-қонига сингиб кетган эди. «Иби, ҳақоратлаб қўйдингиз-ку!? Ҳаром бўлди акун…». Мултони шу гапни айтди-ю бозорга кириб кетди. Аширғалча иккиланиб қолди: не умидда сотиб олувди…
У шартта қўйни турғазди-да елкалаб бозорга қайтиб кирди. Олибсотарлар уни анойи билишиб, ёпиша кетишди. У таранг қилиб ўтирмади. Беш минг зиёнига сотиб юборди-да ўрнига майдароқ қўзи олди. Қўзини шартта елкасига ташлаб, гўё гилам олиб кетаётгандай жадал бекатга келди. Қўзини бекатдаги дарахтга боғлаб, чоғроқ турган таксичи билан савдолашишга тушди. Савдони пишитиб, қўзини машинага томон етаклади, аммо қўзи ётиб олди. Аширғалча сўкмоқчи бўлди, лекин «Эй, сени… сен ҳам… ҳалигисан-ку, аммо айтолмайманда, ҳаромга чиқасан» деганича қўзини енгил қўлтиқлаб, индамасдан машинага ортди.
Машина ўрнидан жилганда тонг оқариб бўлганди. Йўл ёқасидаги арчаларга оқ қиров иниб ажиб тароват касб этганди. Табиат ховуридан ёш шофер жўнбушга келиб машина ойнасини очди. Совуқ ҳаво этни жунжиктирарли эди. Шофёр ёнида бамайлихотир хуррак торта бошлаган Аширғалча уйғониб кетди. Кўпчиликнинг табиатдан завқланаётганига аҳамият бермай, шофердан сўради: «Энағар носинг борми?», Шофер «йўқ» дегандай бош чайқади. Аширғалчанинг қуш уйқуси бузилган эди. Йўловчилар бедорликдан, тунги бозор-ўчардан чарчашган, ҳеч ким гапиришни истамасди. Жимликдан толиққан Аширғалча яна шоферга гапириб, сукунатни бузди: «Бугун кечаси ёмғир ёғар экан…». Шофер унинг гапини беэътибор қолдирди. Орқа ўриндиқдагилар лаб буриб, жилмайиб қўйишди. «Ўзим радиодан эшитдим, кечаси ёмғир ёғар экан!» гапини такрорлади Аширғалча. «Амаки, тонг отиб бўлди-ку, ёғмади-ку ёмғир?!» – Шофернинг саволидан Аширғалча уялиб кетганидан охирги гапини паст оҳангда айтди: «Қуёш чиққунча ҳали ёғиб қолар…»- Орқа ўриндиқдаги йўловчилар қаҳ-қаҳ отиб кулиб юборишди.

Файл. МАЪРУЗА.

Ўзбек филологияси факультети учун чет эл адабиёти тарихи дарси.
Мавзу: Виктор Гюго ижоди.
Дарс шиори: Сиз одамларни қул қилишни истайсиз, мен эса уларнинг эркин ва озод бўлишларини истайман; сиз инсонлар қиёфасида ўз мақсадингизга эришиш воситаси бўлган буюмларни кўрасиз, мен эса эркин фикрловчи, эрки учун ўлимдан-да қайтмайдиган Шахсларни кўраман; сиз одамлар қашшоқлашишини, мутелик кучайишини гўёки истамайсиз, аслида эса, бунинг оқибатида ўзингизнинг ҳукмронлик мавқеингиз ошишини яхши биласиз, шу сабабли ҳам ижтимоий таназзулга қаршилик қилмайсиз ёхуд кутилган натижаларни бермаслигига лоқайд бўласиз.
Сиз Исённи истамайсиз, мен ҳам истамайман, аммо сиз ҳатто туғённи ҳам билмайсиз, ҳаётни хис этмайсиз, тирикчилик қиласиз, холос. Мен эса, ривожланишни, юксалишни истайман…
* * *
Қўшни хонада телефон тўхтовсиз жирингларди. Афтидан хонада ҳеч ким йўқ эди. Меҳри опа компьютерни қўйиб, йўлакка чиқиб қаради, қўшни эшикни тортиб кўрди: қулф эди. У жойига қайтиб иштиёқ билан компьютер олдига ўтирди. Шошганидан бир неча саҳифа ўтказиб юборди-да ўқишни давом эттирди.
* * *
Файл. ОШҲАЛОЛ.
Кўпкарини яхши кўрардим.
Ҳайдар акам Сурхун лақабли отида улоқ чопарди. У жуда номдор чавондоз эди. У пайтлар бола эдик: отларга, чавандозларга ҳавас қилибмиз-у удумнинг туб моҳиятини, завқ берувчи сирли, сеҳрли жозибасини англаб етмабмиз, энди ўйласам…
Чавандозлар орасида бир мешкобчи чол юрарди. Уни ҳар жойда, ҳар маъракада учратардик. Мешкобидан зинҳор ва зинҳор чавандозларга сув тутарди, пиёдага сув бермасди. Мешкобчи дарвешнинг бир қўшиғи бўларди: Хотининг ўғил туғса, отини Ҳайдар қўй!
Кўпкари арафасида отга сувда ивитилган беда бериларди (Бошқа ҳикояга киритилди!)
***
Файл. ЯНГИСИ…
Чоршамбиқорин бувам ҳайбатли эди. - Иккам саксондаман, -деган гапи ёдимда қолган.
Бувамнинг қишлоғимизда пайдо бўлиш тарихи мавҳум эди. Бировлар уни биринчи жаҳон урушидан қочиб келиб қолган дейишса, бошқалар кимдир уни сотиб олиб келган, дейишарди. Ҳар қалай, бу гаплардан саксон йиллар ўтиб кетди, у кишининг вафотига ҳам мана йигирма беш йил бўлди…
Хотирамда Чоршамбиқорин бувам билан алоқадор узуқ-юлуқ воқеалар сақланган. Улар кўз ўнгимда ёмон кинолентага туширилган фильмдек сақланган, қайтарилаверади, қайтарилаверади: У отамнинг ошнаси эди. Узоқ йиллар отам чўпонлик қилган, Чоршамбиқорин бувам чўлиқ бўлган.
Болалик шууримда сақланган хотираларни ўттизга кирганимда ўз хаётий тажрибам тарозисида ўлчар эканман, шуро даврида отам, Чоршамбиқорин бувам кабиларга қанча оғир бўлганини юрак-юрагимдан ҳис этаман. Энг қўрқинчлиси бу оғирлик оддий кундалик, маиший турмушда ўзини кўрсатиб турган, оталаримизни кун сайин, соат сайин эзғилаб келаверган.
Бизлар оилада ўн киши эдик: олти ўғил, тўрт қиз. Чоршамбиқорин бувамнинг тўққизта фарзанди бор эди – бари қиз. Бувам тез-тез бизникида овқатланарди. Илгари шундай эди – қозонда овқат бўлса дарвозадан ҳовлига қадам қўйган киши бенасиба кетмасди.
Айб эди, гуноҳ эди, уят эди ҳар икки томон учун, кетиб қолинса.
Ҳозир қишлоқдаги яқин бир қариндошим ош пиширса, темир дарвозасини қулфлаб оларкан, сомса қилса, хотини эри ва ёлғиз қизи ўртасида санаб тақсимлаб қўяркан; бир-бириникига қўл узатиш мумкин эмас экан…
Ҳамма катта дастурхон атрофига ўтирарди: бизнинг оила, амакимнинг оиласи ва Чоршамбиқорин бувам. Онам, албатта, ёғли сўлқилдоқ патир пиширарди. Бунақасини ҳали хамон бошқа ҳеч ерда емаганман…
Катта кўнкир косада шўрва ичаётган Чоршамбиқорин бувам сув сўрарди. Унга каттакон чойкашда сув узатиларди. Хайбатли бувам сувдан бир ҳўплаб, қолганини шўрвасига қўшиб юборарди-да, косани кўтариб симирарди. «Иби,иби, ака, беринг, мен қозондан солиб берай!» - деб қоларди одатда гап қўшмасдан ҳаммани кузатиб пойгакда ним чўккалайдиган онам.
Чоршамбиқорин бувам қоринкулгу билан кулиб юборарди: товуш унинг бўғзидан эмас, чуқур томоқдан, ўпка томонлардан «виш» ва «хе-хе» аралаш чиқиб келарди. «Бизга бўловради, Дўрсиллоқ. Оққорда шўрва ичсам қайси қозондан қўйиб оламан?!». Дастурхон атрофидагилар бувамнинг гапидан гуриллаб кулиб юборишарди.
Мен у пайтлар гўдак бола эдим – маънисига етмасдим.
Оққор баланд тоғлар устидаги энг баланд нуқта экан, энди билсам.Чакана қўйларни боқувчилар, яъни давлатникини эмас, одамларнинг хусусий қўйларини жамлаб, сурув қилишган чўпонлар советлардан қочиб одам оёғи етмас Оққорга чиқиб кетишаркан.
Колхозлар уставидан қўрққан одамлар бешта, ўнта жонлиғини чакана сурувларга қўшишарди; бузоқларини томларда, чердакларда сақлашарди.
У пайтлар кўпчиликнинг чердаги-да йўқ эди, чертак ёки чортоқ дегани, уйми, оғилми, баъзан бостирма томига макками, бедами, ишқилиб ғарамдан иборат, ўртаси чўккантоб бир уюм хашак бўларди.
Оққорда айни саратонда ҳам совуқдан эт жунжикиб кетади. У ерларда қайнатма шўрва тугул совуқ сувни топиш ҳам амримахол эди. Чўпон ва чўлиқлар навбатма-навбат қўй боқишарди. Одатда чўпон ойлаб отарни ташлаб кетолмасди. Унинг икки-учта чўлиғи ҳафта сайин улаатга эниб нон, қуруқ чой, мева-чева олиб чиқарди. Баъзан ҳафталаб чўпон оч қолиб кетарди, сувсиз, нонсиз…
Бир кун акам мени дадамнинг олдига, тоққа, олиб борадиган бўлди. Олдин бозорга бориб тўлиб тошиб егулик харид қилдик. Бозордан чиқиб энди тоғ йўлига бурилганимизда елкасига тароқи хуржун ортмоқлаган йўловчи қўл кўтарди. .Ўзимизнинг машинамизда эдик. Акам тўхтатди. Улар саломлашишди. «Ака, Товоқбулоққача олиб кетинг, чўпонимизнинг олдига бораётган эдим» - деди йўловчи. Йўл усти бўлгани учун акам ташлаб ўтадиган бўлди. Аслида ҳам чўпонлар ўртасида ёзилмаган қонунлар бор: чўпонга тегишли ҳар қандай хабар тоққа ҳам, улаатга ҳам қандай йўл билан бўлса-да, етказилиши шарт. Эҳтимол, акам шунга риоя қилгандир. Хуллас, икки соатлардан сўнг узоқдан Товоқбулоқ қишлоғи, баландроқ қирлар устида каттагина сурув кўринди. Бу йўловчимизнинг акасини чакана суруви экан.
Акам машинани сурувга томон ҳайдади. Қўй боқиб юрган чўпон биз томонга энди. Баланд бўйли чўпоннинг қиёфаси ваҳимали эди: кўзлар киртайиб ич-ичига ботиб кетган, жағдан эт қочиб, суяклар буртиб чиққан, соқоллар ўсиб кетган… Елкада киймана, туя жунидан тўқилган босма, қўлида ўзидан баланд залворли ирғай чўпонтаёқ…
Чўпон етиб келиб, саломлашмасдан сув сўради. Укаси шошилиб хуржунни ерга қўйди. Хуржундан сув ва ароқ шиша юмалади. Чўпон энгашиб бир шиша ароқ олди-да, тишлари билан оғзини очиб, бир кўтаришда шишадагининг ярмидан кўпини ичди. Сўнг хуржундан кўк пиёз олиб ғажиди ва укасига қараб: «Қаерда юрибсан?» деб сўради. Жавобини кутмай ароқнинг қолганини ҳам симирди-да қўйлар томон бурилган укасига гап қотди: «Ўн беш кундан бери акам тоғда нима еди, нима ичади, деб ўйламадингми?!». Ука қўрққанидан бўлса керак, жавоб беролмади: «Мен ҳалиги, ҳалиги… қўйларни қайтарай!». У шу гапни айтди-да сурув томон чопди. Чўпон ака унинг орқасидан олдин ароқ шишани, кейин чўпонтаёқни улоқтирди: «Ҳей сени…». У болохонадор қилиб сўкиндида, шартта мошинамизга ўтириб олди.
Акам уни катта тош йўлга машинамизда қўйиб кетди.
Кеч трамада сурув улаатга, қишлоққа қайтариларди.
Бир йили пахта терими декабр ойини қоралатиб тугаб, мол-ҳол эркин нафас оладиган дамлар эди. Кузнинг совуқ оқшомида бизнинг қўтонимизга «бўри оралабди».
Шу иборани қўлласам этим жунжикиб кетади.
Ҳозирда баҳолиқудрат қалам тебратар эканман, менга халқ жонли тилида эмоционал-экспрессивлик, ҳиссий-таъсирчанлигу, бўёқдорлик камайиб кетаётгандек туюлаверади. Энди таъми тилимда қолган энамнинг термалари, Чоршамбиқорин бувамнинг қочиримлари, теша тегмас кашталанган пурмаъно илмоқлари номи унут толлини эслатгани эслатган. Ҳеч қўймайди улар. Кўнглим уларни тусагани тусаган.
Ўша бўри теккан куннинг эртасига ўн чоғли қўйни ҳалоллаб бўғизлаб, ҳовлимизнинг кунгай томонига ётқизиб қўйган Чоршамбиқорин бувам, сўкиниб даштга кетаётган отамга тасалли берди: «Жондор ҳам борникига оралайди, инак. Каллага олманг! Қўзигулга бориб, ширбозлар ўрнини босади, билинмай кетади… Жўлбарс қаерда экан?! Иккамайини ўшани…». Отам сукутда тинглайди, фақат сўнгги саволга жавоб беради: «Сойда жимолаб ётибди… Икки қулоғини, биқинини жондор йиртиб юборган! Болаларга айтасизда, хабар олишсин, ҳаром ичакларни беришсин!».
Отам кетади. Чоршамбиқорин бувам сўйилган қўйларнинг терисини айиради. Биттасини тугатгач бошқасига ундайди. Бувам жуда бақувват одам: ҳар сафар катта совлиқ қўйни бир ўзи баланд илмоққа осади-да оғриниб сўз қўшади: «Буниси унисидан ҳам зўр экан…»
Бувам сўкинади, мен мўнграйиб қарайман. Ўйинқароқ укам кучукчаси билан машғул бўлади.
Укам бувам кучукчамни сўкаяпти, деб ўйлаб маҳмадоналик қилади: «Эй-й бува, сиз билмайсиз-да! Бу зотдор този, гуржи кучук! Эй-йай!». У шу гапини айтиб улгуради-да молхонанинг панасига ўтган кучукчасини чақиради: «Бўрибосар! Бўрибосар! Ма, ол!» Лайча гўдик думини ликиллатганча укамнинг атрофида ирғишлайди.
Чоршамбиқорин бувам қорин кулишини қилади: «Отини нима дединг, сиртлонингни… Сиртлони кўринмайди-ку?»
Сиртлонли ит ғайир келади. Сиртлон дегани итнинг орқа пойчасида катта мунчоқдек шалвираб турадиган эт-сирға. Чўпонлар сиртлонли итни қадрлашади.
«Гўдигимнинг оти Бўрибосар, бўридан зўр бу…». Бувам бирдан жавоб қайтаради: «Бўридан зўр бўлса кеча босайди-да, қўтонни ярмини чавақлатиб ўтирибди…». Бувам ўзининг гапидан завқланиб кулиб юборади.
Укам бувамнинг киноясини англамайди. Кучукчасини мақташда давом этади: «Ўзингиз билмайсиз-да… анов Гунаш татарда иккитаси бор, шундай ғайир, шундай ғайир…». Бувам ишдан тўхтамай кулиб гапини давом эттиради: «Ҳей ўша лайчаларини иккамайини…, иккови бир бўлса, битта пишакка кучи етмайди…»
Бувамнинг кулгуси, селкиллаётган қорни сира кўз ўнгимдан кетмайди.
Кейин ҳайбатли бувам менга туз олиб келишни буюради. Олиб келаман. Бувам пичоғининг энидек қилиб, япроққа ўхшатиб жигар кесиб олади; жигарга туз сепади, устига бир тахлам чарви бостириб яна тузлайди-да, чайнамасдан ютиб юборади…
Кейин мен шаҳарга кетиб қолдим. Бошқа нарсалар хотирамда сақланмаган. Бувам билан боғлиқ сўнгги хотира шофер акамнинг сўзлари бўлади: -Бир кун оқшом машинада ишдан қайтаётсам, бувамнинг деразасидан бурқсиб тутун чиқаяпти. Мен оловми деб, машинани тўхтатиб чопиб кирсам, бувам кампири билан ёқа ушлашиб турибди, зўр қилиб сўкинаяпти. (Бу пайтлар бувам тўқсон ёшдан ошиб, ўлим арафасида ётган дамлари эди). Иккаласини ажратдим. Бувани авайлаб ётқиздим. Нима гап деб сўрасам, кампири айтиб берди: уй совуқ, истолмаяпман, уйинг куйгур бу чол кеча эшикни тараша қилдириб ёқтирувди, энди деразаниям ёқаман, деяпти. Бува нега ундай қиласиз, деб чолидан сўраган эдим: иккамайини… ўша эшикни, адисар совуққотар эканман, бир исинганим қолади, ол, сандалга сол, деб кампирига ўшқирди. Мен тутунни чиқаришиб, уларга набираларини чақириб бердим.
Ҳали хамон у кишиларнинг соғлиқлари ва иродаларига тан бераман…
Бир куни шаҳар бозорида мол гўшти сотиб олаётганимда, қассобдан «жилинини» кесиб ташлашни сўрадим. Қассоб қизишиб кетди-да «Сигир гўшти эмас бу, буқаники, «желин» бунда нима қилсин», деди. Мен илтимосимни такрорладим ва унга қуриб, этга ёпишган пайларни кўрсатдим. У қизариб кетди: қассоб желин билан жилиннинг фарқига бормас экан…
Бу ходиса Чоршанбиқорин бувамни эсимга солди.

Иккинчи папка. ШАХС.
Файл. РЕТРО-МОНОЛОГ ёки автоинтервьюдан
Мустақилликка эришилгач Самарқандда ҳам хорижликлар пайдо бўлиб қолишди. Албатта, бу ерга илгари ҳам сайёҳлар кўп келишган. Аммо Мустақиллик яратган имкониятлардан фойдаланмоқчи бўлган тадбиркор, қўштирноқ ичидаги ишбилармонлари жавлон уриб қолишди. Бундайлар калта иштон кийиб оладиган кўп сонли сайёҳлардан фарқли ўлароқ, салобатлироқ кийинишиб, ўзларини сахийроқ кўрсатишга уринишди.
Камина олий таълим соҳасида меҳнат қилишим сабабли, менга дуч бўлган хорижликларнинг фаолияти ҳам муайян соҳаларга мақсадли тарзда йўналтирилган эди: олимсифат европаликлар қўлёзма жамғармалари, археологик қазишмалар каби сирли, ҳар бир илм қадрини ва қийматини билувчи киши учун ўта жозибадор манзиллардан муқим қўним топишди; у ерлардаги етакчи мутахассислар билан дўстлашишди. Энг қизиғи, унча-мунча маблағни сармоя ҳисоблашмайдиган кибор жаноблар, ўша пайтда унчалик вазнга эга бўлмаган сўм-купонимизга ҳам ишлайверишди, ишлайверишди. Дўстона муносабатлар рамзи сифатида абжағи чиқиб кетган, ўз юртларида чиқиндига чиқарилган эски-туски темир-терсак – японкалла компьютерлару электрон ускуналарни олиб келишди; текин совға қилишиб, саховат кўрсатишган бўлишди. Мен бу фаолиятнинг маъносини англолмасдим. Ишлаб чиқариш, тижорат соҳаларида шундай қилинса гап йўқ эди: хорижлик жаноблар моддий манфаатдор, деб уйлаган бўлардик… Нега энди илм-фан соҳасига бундай «инвестициялар» жалб этилди?! Ишқилиб, ўшанда кўп нарсаларга менинг жайдари онгим етишмай қолди-ёв…
Энди эса кўзимиз очилган.
Масалан, менга Армэни исмли европалик билан ишлашга тўғри келган. Бир қарашда бинойидек йигит: шарқ ва Европа тилларини жуда яхши ўзлаштирган. Мендан тўрт ойда ўзбекчани ўрганди. У тил ўрганишга шундай шиддат билан киришдики, қойиллатди.
Армэни форсчани Эронда ўрганган экан. Иккаламиз музейларда бўлдик: бизга ўргатишмаган ва унутиб қўяёзганимиз - йигирманчи аср бошларидаги араб алифбосида ёзилган рўзнома-ю жаридаларни шунчалик шариллатиб ўқиб ташлайдики, хайратланишга ҳам улгурмайсан – гоҳ бир аср аввал Ватан ҳақда Ватанингда ёзилган гаплар ёқа ушлатса, гоҳ бу гапларни, тарихингни ўзингдан кўра юз чандон яхшироқ биладиган хорижлик орқали билаётганлигинг йиғламоқдан бери қилади. Тамшанасан. Ўргансанг ўлармидинг дея ўзингни койийсан, аммо на вақтинг, на ироданг етишади. Худо бериб вақт ва ирода топа олсанг, саводли мулла учун маблағ тополмайсан. Хуллас, саводсиз қолиш учун баҳона кўп, шароит бисёр. Худди қисмат омад ғилдирагини каминадек жайдари ўзбекка қолганда тескари айлантираётгандай…
Орадан беш-олти йил ўтди. Армэни ўшанда ўзбек тилини жадал ўргангач, мен билан алоқани чўрт узди. Шаҳарда кирмаган архиви, ксерокопиясини, баъзан оригиналини ўзини ҳам олмаган қўлёзмаси қолмагач, пойтахтга равона бўлди. Мен бу орада унинг жуда ўткирлигини, мақсади йўлида ҳеч нарсадан тап тортмаслигини билиб қолдим. У фақат ноёб қўлёзмалар йиғарди. Асосан жадидлар тарихи билан шуғуллангани учун уша даврга оид ҳужжатларни жамларди. У билан ажралганимизда кўнглимда қандайдир совуқлик пайдо бўлган эди. Умумий танишимиз бўлган бир опахонимиз бу менталитетлар хилма хиллиги сабабли, деди. Билолмадим, эҳтимол. Армэнининг шахсий дипломатияни ниҳоятда ўринлатиши, ҳатто бемалол айтиш мумкинки қойиллатиши, иш бермади. Аниқроғи, у менга нисбатан дипломатия қўлламади. Чунки у мендан фойдаланиб бўлган, бошқа танишлар орттириб, янги манбаларга йўл топган эди.
Орадан йиллар вақт ўтиб бу ўктам йигит фаолиятини таҳлил қилар эканман, у нафақат мендан, балки юртимизда учраган ҳаммадан фойдаланганини, соф, тоза инсоний муносабатлар унинг учун мутлақо муҳим бўлмаганлигини ўйлаб қоламан. Эҳтимол, у ҳам ўзича ҳақдир. Бизнинг ўзбекона, жайдари фалсафамиз қанчалик юксак инсоний туйғулар замирига қурилган бўлмасин, кимларгадир ўзининг касбий малакасини мукаммаллаштиришдек мақсади олдида, оддий маиший эквибилиристикага ўхшаса, балким. Бу борада баҳснинг ўзи ғализ. Инсон ҳаёт кечирар экан, ўз хаёт принципларини яратади. Миллий қадриятлар, дунёқараш минг йиллик тарихлар устида яралади, инчунин.
Мен Армэнини қоралай олмайман. Бунга ҳаққим ҳам йўқ. У бизнинг юртга билим олиш, манба ахтариш учун келган. Буни қайсидир маънода, «нонсенс» - бўлиши мумкин бўлмаган, илмий рақобатнинг кўриниши, десак тўғридир. Унинг мақсади аниқ, мавжуд турли имкониятлари баҳузурроқ экан, холос. Мен ундан ютқазмадим, фақат туртки едим. Энди бундай илм изловчиларга муносабатим ўзгача.
Яна бир гап. Омади чопган бир ҳамкасбим Венецияга сайёҳ бўлиб борди. Бу зот ҳам Армэни билан таниш эди. Бўш вақтида, таваккал қилиб, унга телефон қилибди. Армэни жуда тез етиб келибди, қўярда-қўймай уйига бошлабди. Икки кун шаҳар айлантирибди, меҳмон қилибди. Юртингизда маълумотлар қўлёзмалар кўплигидан ўшанда ақлим шошиб қолди, дея эътироф этибди, Армэни. Илмий манбалар жиҳатдан қанчалик бадавлат эканлигингизни тасаввур ҳам қилолмайсиз, дебди у яна. Армэнининг кутубхонаси эндиликда Венециядаги энг яхши шахсий кутубхоналардан бири ҳисобланаркан. Ҳамкасбим Армэнининг уйида унинг бўлғуси рафиқаси билан суҳбатлашибди, ўта зиёли хоним тинимсиз ҳайратланаркан: -Сиз бунга қандай чидайсиз, бу ахир илмий интервенция эмасми? Қаранг, қандай китоблар!!!
Ҳамкасбимнинг таъкидлашича, Армэни чиндан қобилиятли инсон. У йирик турколог бўлиши мумкин. Зеро, у кутубхонасидан фақат илмий мақсадларда фойдаланмоқда экан. Холбуки, ўша пайтлар бу китобларнинг аксарияти ўзимизда илмий исъемолдан четда қолмоқда эди. Аниқроғи, улар билан ишловчиларнинг озчилик эканлиги, мақсад ва мезонлари кишини лол қолдирарди. Мен бу ёш йигитнинг иқтидорига ҳам, мақсадига ҳам шубҳаланмайман. Ҳатто ишонаман, чунки ўзим бир воқеага гувоҳ бўлганман.
Чет эллик машҳур адиб Тошкентда ўзининг жадидлар даврига бағишланган йирик илмий-тарихий асарининг тақдимотини ўтказмоқчи бўлади. Асар мутахассислар ўртасида маълум бўлса-да, инглиз тилида ёзилгани учун аксарият олимларимиз китоб билан танишолмайди. Натижада, тақдимотнинг ўтиши деярли бир йилга чўзилади.
Эсимда, тақдимотга муаллиф етиб келганди. Бу тўғрида интернетдан хабар топган Армэни Тошкентга шошилиб жўнаб кетди. Аммо тезда ҳафсаласи пир бўлиб қайтиб келди. Китобни ҳеч ким ўқиб чиқмабди, катта бир институтда ўнлаб профессорлар ишлайдиган даргоҳда чет тилини биладиганлар топилмабди. Ваҳоланки, бу китоб маданий тарихимиз учун жуда муҳим манба экан, бутун Европа ва бошқа мамлакатлардаги архивлардан материаллар жамланган.
Машҳур олим ўшанда Самарқандда ҳам уч кун бўлди. Бироқ, Армэнидан қанча илтимос қилмай, меҳмон мени қабул қилмади. Нима сабаб бўлди, билмайман. Эҳтимол, ҳамма гап Армэнидадир, ёки ношуд олимларимизни унинг асарига муносабатида.
Мен хорижлик мутахассисларнинг савияларига, холисликлари-ю самимийликларига қанчалик эҳтиром билан қарамай, улардан халқимизга, умуммиллий қадриятларимиз ва меросимизга хурмат ва эҳтиром билан қарашларини сўраган бўлардим. Мен уларнинг муносабатини, хусусан илм-фан соҳасидаги ҳамкорликларини қадрлайман, аҳамиятини ҳам жуда яхши англайман, бироқ ўз шахсий манфаатлари йўлида юртимиздан восита сифатида фойдаланишлари тугул, бу нарсани хаёлга келтиришларини ҳам истамайман. Зеро, ўта ақлли, зийрак ва ўткир Армэнилар ҳали кўп ва хўп келишади...
* * *
Меҳри опа компьютернинг нимасинидир босиб юборди. Экран пилдираб саҳифалар аралашиб кетди. Опа «Контроль-Алт-Делет» тугмаларини бира тўла босиб, компьютер топшириғини узгартирган бўлди. Сўнгра Йигитнинг сайтига яна кириб тўғри келган жойидан ўқий бошлади
* * *

… Рапитабет ўғлига атаб қураётган ҳовлида куймаланиб юрарди. Тўсатдан янги экилган, энди кўклаб чиққан йўнғичқани титкилаётган қўшнининг товуқларига кўзи тушди. Бир хаёли кесаклаб ҳайдамоқчи бўлди, аммо янги ҳовлининг бир чеккасида тумпайиб турган хожатхонага кўзи тушиб, фикри айниди. У товуқларни девор бурчагига қараб ҳайдади –уй паррандалари аввал қу-қулаб тинч равона бўлишди, лекин қамалишганлигини сезишгач, қа-қағлаб дод-вой солишди: портиллаб учишга тушишди. Рапитабет кесак тополмаганидан бошидаги қозондай телпагини олиб учаётган товуққа отди. Бир товуқ қулаб тушди. У товуқни шартта босди ва қулоқчинининг бир ипини узиб товуқнинг оёқларини чирмаб боғлади. У бу ишларни кўзлари олазарак ҳолатда, шошилиб бажарди. Кейин боғланган товуқни қўлтиққа уриб, хожатхонага қамади.
Янги ҳовлининг дарвозаси мустаҳкам эди. Шунинг учун Рапитабет бамайлихотир ишларини давом эттирди. Тушга яқин дарвозадан чиқиб, қўшни муаллим билан бугунги халқаро аҳвол хусусида ҳам гаплашди. Америкаликларни мақтамоқчи бўлган қўшнисини койиб берди. Катта сиёсатга тил теккизавермасликни, ўзи кўпам яхши билмайдиган нарсаси ҳақда фикр юритмасликни маслаҳат берди.
Рапитабет ҳамқишлоқларидан оғринди: «Йўқчиликдан нолишади-ю, ҳовуллаб ётган ҳовиларига бир туп дарахт экишмайди. Бир кило олма фалон пул. Уларни меҳнатга ундасанг, сенга маслаҳат бера бошлашади. Олма кўчати қиммат эмиш. Хасакисидан экда пайванд қил… Ҳеч эколмасанг, ўғирла!».
У зарда билан ҳовлига қайтди. Токқайчи билан дарахтларни бутай бошлади. Ўзининг бўйига ўлчаб шакл берди.
«Хорманг, деҳқон бувам!» – тўсатдан кириб келган амакисининг гаплари уни онгда қолдирди. Улар илиқ сўрашишди. Уйга кирамиз, деган юзаки мулозаматга амаки рад жавобини берди.
«- Кеча Халманнинг тўйида тандир гўшт еювдим, иккағар эчки гўшт эканда… совуқлик қилди. Ошқозонни бузиб қўйдим. Сизни кўриб, хожатхонага бурилдим. Уйгача чидолмасман-ов» – амаки қизариб, бўзариб шу гапни айтди-да, ҳовлининг кунжагига қараб йўрғалади. «Майли, албатта» -деб қўйган Рапитабет амакининг ортидан бир дам жилмайиб қўйди. У катта ёшли маданиятли одам сифатида ҳаммасини тўғри тушунган бўлди.
… Ҳовли кенг ва катта эди. Амаки йўлнинг ярмисини босиб, мақсадига ўн қадамлар қолганида, Рапитабет уни шунчалик катта тезликда қувиб ўтдики, оқсоқол одам унинг шамолига ағнай деб, дарахтга суяниб қолди. Рапитабет қандай тезлик билан «кичкина уйча»га кирган бўлса, шундай тез қайтиб тиқди. Амаки ҳали аҳволи яхшилигиданми ёки қўшнисининг ҳаракатиданми ўзича тиржайиб, қовоқ солиб турган Рапитабетга киноя қилган бўлди: «Ўзлариям тандир еганга ўхшайдилар-ку!?». «Йўқ, табака емоқчи эдим» - Рапитабетнинг совуқ жавоби эътиборсиз қолдирилди…
«- Бу дейман, иморат битгач, киши яшаши керак-да» – ҳовлидан ғайритабий тарзда тез чиқа туриб, гина қилди амакиси. «Нима эди?» - савол қўшди Рапитабет. «У ерда жондор–пондор уя қўйганга ўхшайди, бир нарса пат-пат қилади. Юрагимни тушираёздим. Ҳай…». Амакининг сўкиниши жондоргами ёки эчки гўштини пиширган Халман ошпазгами қаратилганини Рапитабет тушунмади. – Нафсни тийиш керак, оқжол! –дея ўзича койинган бўлиб ишини якунлашга уринди.
Рапитабет иш қуролларини йиғиштираётганда кенг ҳовлига оқшом чўка бошлаганди. Унинг кайфияти яхши эди, меҳнати унумли бўлганди.
У қўшни келинчакнинг болаларини койиб чиқараётганлигини эшитди. Келинчак товуғини суриштирарди.
* * *
Чироқ ўчди. Меҳри опа совиб қолган қаҳвани хўплади. Ўқиганлари қизиқ ва янгича нарсалар эди. Йигитга ҳаваси келди. Унинг ҳасадгўйлари кўплигига ачинди. У бошини чайқаганча компьютер симларини электрдан суғуриб қўйди. Энди чироқ ёнишини кутиш керак.
Йигит кириб келди: ҳар доимгидек қувноқ, хушчақчақ. «Опа, янгисини ўқиб берайми?» – одатдагича шўх гап бошлади шоир. «Йўқ, ука, сайтингиз билан танишдим; парол қўйиб қўйинг!». Йигит бирдан жиддийлашди: «Эй, опа, шу техникани яхши билмайман, турибди-да энди…»
Улар нашрга тайёрланаётган ишлар мутоаласига берилиб кетишди. Узоқ ўқишди. Уларни, «Салом, салом» деганича такрор хушлашиб кирган оқсоқол таржимон ишдан тўхтатди. Йигит таржимон билан қуюқ сўрашди. Опа мулозамат қилиб ўтирмади. Уларнинг суҳбатини жим кузатди. Йигит гап бошлади:
-Домла, кеча мени яхши тушунмадингиз-а?! Мен сиздан ҳаётингизни гапириб беринг, бир асаримда қаҳрамон сифатида тасвирлайман, демоқчи эдим…
Таржимон гезариб олди-да, бурнининг тагига ғўлдиради:
- Ёзмоқчи бўлсангиз, тўқинг. Меҳнат қилинг, бировдан сюжет сўраманг ҳам, олманг ҳам…
Йигит ўта жиддийлашди. У ниманидир англагандай бўлди, лекин айтмоқчи бўлган фикрни айтмай, бошқасини гапирди:
- Мен айтмоқчиманки фикримдан қайтдим, бу мавзуда ҳикоя ёзмайман. Қаҳрамоним ўлиб қолди… умуман, ҳозирча шеър ёзмоқчиман. Мана, эшитинг!
Йигит жазавага тушгандай шеър ўқий бошлади. Таржимон ниманидир баҳона қилиб чиқиб кетди.
Шу пайт чироқ ёнди ва компьютер ишлаб кетди.
Меҳри опа шартта туриб, йигитнинг очиқ қолган сайтини бекитди ва унинг шеърларини «ажойиб» деб баҳолади. Опанинг меҳри ийиб кетди-да, йигитдан бекитиб юрган гапини айтиб қўйди: вилоят рўзномасининг муҳаррири йигит исмини тескари ёзиб, ўз асарини таржима асар, деб таҳририятдан ўтказмоқчи бўлгани шубҳа уйғотганганлигини айтиб юрибди.
Йигит бу гапни эшитиб жимиб қолди. У Меҳри опадан сиз ҳам мендан шубҳаланасизми, дегандай сўради:
- Сиз нима деб ўйлайсиз?
Меҳри опа бирдан жавоб берди:
- Тажриба-ку, тўғрими?
- Ҳам тўғри, ҳам нотўғри. Тажриба қилганим рост, бироқ унинг моҳияти тушунарли бўлмас экан, бу тўғридаги хулосалар нотўғри бўлиб чиқаверади. Тахаллусимнинг чаппа ёзилгани бу – бадиий тасвир, ифода, янада аниқроқ айтадиган бўлсам, бадиятда кўзгу принципи деб аталади. Шу оддий нарсани тушуниш учун ҳам оддийгина бадиий мушоҳада қобилиятига эга бўлиш зарур. Бунда ҳеч бир сир-синоат… гуноҳ йўқ… Кўзгуга қарасанг ҳамма нарса тескари кўринади – ўнгинг чап, чапинг ўнг… Ижодкор айтмоқчи бўлган нарсасини тушунтириш учун ўзи кўзгуга айланиши даркор… Тахаллусимнинг чаппа ёзилиши шунга ишора эди. Бу энг жўн, содда бадиий приём. Исмни ўқишибди-ю, мазмунни англашмабдилар-да… Абдулла Орипов ҳар доимгидек ҳақ: «Хато қилишингни кутарлар!». Афсус… Одамзот қайси соҳада ишламасин ҳеч бўлмаганда ўн йилда бир малака ошириб, билимини тўлдириб турмоғи лозим-да ўзи. Қолаверса, ўша ҳеч кимга нафи бўлмаган газетада янгилик қилмоқчи бўлувдим, жиндай бўлса-да, янгироқ тозароқ фикрлар нафаси уфурсин, демоқчи эдим. Ҳей ўша, сийқа ва силлиққина ахборотлар қўриқхонасини…
Меҳри опа газета таҳририятидаги маргиналлар учун уялиб кетди. У йигитга таскин бериб, кўнглини кўтармоқчи бўлди, аммо опа гап бошламоқчи бўлганда йигит аллақачон хонани тарк этган эди.
Йигит бачкана гапларнинг ўзига ҳеч бир даҳли йўқлигини яхши англагандай каридорда ким биландир шаддод кайфиятда, овозини баралла қўйиб гаплашгани эшитилди.
- «Қизил пиёз» колхозининг, йўқ, йўқ, газетасининг ҳисобчилигига ҳам ўтиб олармидингиз, Дўнгалак ака?!
Меҳри опа Йигитнинг бош ҳисобчи билан гаплашаётганлигини тушунди.
- У ерга ҳам «бош» бўлибми? – сўради бош хисобчи йигитнинг гапига ишонқирамай.
- Албатта-да,- ўзиникини қўймасди Йигит.- Бош бўласиз, жуда катта бўм-бўш Бош! Биров айтганингизни қилмаса, бошқача ўйласа, янгича, сизга ёқмайдиганроқ фикрласа, хуллас, сизга ўткирлик қилса, қўймайсиз, маошини қирқасиз, думини кесасиз, қувасиз, урасиз… тавбасига таянмагунча қўймайсиз! Сизга тушунарли одам эмасми, бас - газетада чиқиши мумкин эмас. Сиз ҳам газетанинг гўрковларидан бири бўлиб оласиз-да. Мухаррир ҳам худди сиздай фикрлайди… Иккалангиз бир ялоқни ялаб, маддоҳлик ва масхарабозлик қилиб юраверасиз…Сизга нима, бор йўғи хунук бир қўғирчоқсиз, ўлик жонсиз, палакмурдасиз…
- Ие.. ие..- Хисобчининг гапи эшитилмай қолди. Афтидан суҳбат ҳам тугаган эди.
Меҳри опа Йигитнинг аҳволига изза бўлиб, қўли ишга бормай қўйди. У тезда столдаги қоғозларини йиғиштириб ғаладонга солди-да, ўзини ёмон ҳис этганича, уйига кетди.
Ҳеч ким қолмаган хонанинг сукунатини компьютер овози бузди: машини ўз-ўзидан ишлаб кетди. Марказий сервердан бошқариладиган «Антивирус» дастури иш бошлаганди.
turobov
Прохожий
 
Сообщений: 52
Зарегистрирован: 17 янв 2017, 09:22
Имя: Abdurayim
Фамилия: Turobov
Статус: Учитель

Вернуться в PARNAS ijodiy klubi

Кто сейчас на форуме

Сейчас этот форум просматривают: нет зарегистрированных пользователей и гости: 1

cron