ПОЭТИК-СТРУКТУР ТАҲЛИЛ МАКТАБИ ёки фанимизнинг унут сахифала

ПОЭТИК-СТРУКТУР ТАҲЛИЛ МАКТАБИ ёки фанимизнинг унут сахифала

Сообщение turobov » 10 мар 2018, 10:27

Эшқобил Вали, СамДЧТИ АРМ директори

САМАРҚАНД АДАБИЁТШУНОСЛАРИНИНГ ПОЭТИК-СТРУКТУР ТАҲЛИЛ МАКТАБИ ёки фанимизнинг унут сахифалари

Собиқ Иттифоқ даврида улкан мамлакат олий таълим тизимида тўртта адабиётшунослик мактаби дунё олимлари томонидан эътироф этилиб, тан олинган эди: Москва, Ленинград, Тарту ва Самарқанд адабиётшунослик мактаби…
Шуни таъкидлаш жойизки, олий ўқув юрти қайси таълим йўналиши бўлишидан қатьий назар ҳар бир кафедрада ўз илмий мактабини шакллантиришга, уни тараққий топтиришга ва қўллаб-қувватлашга харакат қилмоғи лозим, акс ҳолда ўша таълим йўналишида кадрлар тайёрлаш, илмий салоҳиятни ўстириш ва келажакка замин ҳозирлаш ишлари сусаяди, жамоа иши сифатсизланиб боради ва охир-оқибат қадрсизланади. Буни ўз вақтида чуқур англаган самарқандлик бир гуруҳ адабиётшунослар ўтган асрнинг 50-йилларида мамлакатдаги ягона ҳукмрон мафкура ва таълимотга зид тарзда илмий тадқиқотлар олиб боришиб, бадиий матннинг поэтик-структур таҳлили илмий мактабига асос солишади ва бу мактаб катта нуфузга, таъбир жойиз бўлса, халқаро мақомга эга бўлади. Шуниси эътиборга моликки, ушбу илмий мактаб тарихини ўзига хос тарзда ёритган вакили Б.С.Михайличенко «хатто мактабнинг номланишида ҳам ўша даврда ман этилган «поэтика» ва «структура» каби иккита атама мавжуд» бўлганлигини таъкидлайди («Проблемы литературоведения: теория литературы», СамГУ, 2009, 64 с.). Мактаб вакилларининг ўша пайтда чоп этилган кўплаб илмий тўпламларининг ҳар бирида илмий мактаб ёки илмий гуруҳ ҳақида эслатилган дастурий кириш мақолалари чоп этилар эди. Поэтик-структур таҳлил илмий мактаби асосчиси эса профессор Яков Осипович Зунделович эди (1893-1965).
Улуғ олим Смоленск губерниясига қарашли Польшанинг рус тилида сўзлашувчи Лодьз шаҳарчасида туғилади. Ўша пайтдаги оғир ижтимоий-сиёсий-маданий тузум сабабли, бошланғич таълимдан сўнг, ўн етти ёшида таълимни хорижда, Жанубий Франциянинг Монпелье университетида, филология факультетида давом эттиради. Университетни тугатгач, дастлаб Лодьзга қайтади; Норкомпросга ишга киради, сўнгра буюк шоир В. Брюсов таклифи билан Хўжалик институтида дарс бера бошлайди. 1925-1929 йилларда Академияда аспирантурада тахсил олади (ГАХН). Утопик хаёллар оғушида Москвага ишлашга боради. Дастлабки йилларда унинг омади чопади: янги чоп этилган бадиий асарларга қатор тақризлар ёзади – ўз билимини хаётга татбиқ этиш имкони пайдо бўлади - илмий-амалий жихатдан пишиқ мақолалари етакчи ноширлар назарига тушади ва икки жилдли «Адабий энциклопедия» (1925) таҳририятига таклиф этилади. Ўз вақтида илмий доираларда катта обрўга эга бўлган, ҳали ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган мазкур рус тилидаги нашрнинг деярлик барча шеърий жанрлар назарияси ва поэтик троплар ҳақидаги мақолалари Я.О.Зунделович томонидан ёзилади. Олим 1929 йилдан ГИКда (Давлат киноматография институти), 1933-1935 йиллар МИФЛИда маърузалар ўқийди.
Ўтган асрнинг 30-йилларида ҳам олим илмий нашриётларда фаолиятини давом эттиради; адабий энциклопедиядан ташқари Катта ва Кичик совет энциклопедиялари редакциялари билан ҳамкорлик қилади. Унинг катта-катта илмий муаммоларга бағишланган мақолалари ўз даврининг машҳур «Иностранная литература», «Иностранная книга» каби журналларда чоп этилади. Янги ҳамда мумтоз поляк ва Ғарбий Европа адабиёти вакилларининг ижоди олимнинг илмий қизиқишлари марказида доимий туради. У немис, француз ҳамда инглиз ёзувчи ва шоирлари, айниқса, Э.Хемингуэй ижоди билан яқиндан қизиқади. Ўз шеърлари тўпламини эълон қилади.
1937 йилнинг ноябрида машъум 58-модданинг 10-банди бўйича қамоққа олиниб, халқ душмани сифатида ўн йилга қамоққа ҳукм қилинади. 1943 йилда касаллиги сабабли қамоқдан озод қилинади ва Ивановодаги пединститутга ишга киради, аммо катта шаҳарларда ишлаши мумкин эмаслиги ва антисемит харакати сабабли у ердан ҳам кетишга мажбур бўлади. 1947 йилда Самарқандга келиб университетга ишга киради. 1953 йилдан кафедра мудири вазифасида ишлайди. Олимнинг ҳақиқий илмий иқтидори айнан Самарқандда намоён бўлади. У дастлабки йиллар қаттиқ назорат ва тазйиқлар сабабли кўп мақола чиқармайди, фақат 1955 йилдан сўнг унинг ижоди гуркирайди. Олим қатор мақолалар, иккита монография чоп этади: «М.Горькийнинг «Фома Гордеев» қиссасида образлар тизими» («Система образов в повести Горького «Фома Гордеев»») ва «Достоевский романлари» («Романы Достоевского»). Унинг вафотидан сўнг шогирдлари ўқиган маърузалари асосида «Тютчев лирикаси этюдлари» («Этюды лирики Тютчева») китобини чоп этишади.
Нафақат рус, балки жаҳон адабиётшунослиги учун ҳам назарий ва амалий жиҳатдан ўта муҳим бўлган Зунделович методининг асосий холатлари, тадқиқ усуллари асарлари ҳамда самарқандлик шогирдлари Р.П.Шагинян, Еф.П.Магазанник, Э.Б.Магазанник, Г.Ф.Меньшиков, Ю.П.Гольцекер, В.Б.Лагутов, Б.С.Михайличенко, Л.Х.Абдуллаеваларининг хотираларида, илмий ишларида ўз аксини топади. Поэтик-структур таҳлил илмий мактаби дастлабки босқичда (1947-1965 йй.) шаклланиш, илмий-методологик асосни яратиш ва дастлабки ўта муҳим натижаларга эришиш жараёнларини бошдан кечирган бўлса, кейинги ўн йилликларда (1965-1995) йилларда ривожланиш ва юксалиш даврини бошдан кечирди. Бу даврда ф.ф.профессор Роберт Петрович Шагинян, доцентлар В.Б.Лагутов ҳамда Б.С.Михайличенколар СамДУ адабиёт назарияси ва чет эл адабиётлари тарихи кафедрасига мудирлик қилишди. Айниқса, етмишинчи-саксонинчи йилларнинг охири, тўқсонинчи йилларнинг бошида бу мактаб шунчалик катта салоҳиятга ва мамлакат миқёсида нуфузга эга эдики, буни биргина мисол билан кўрсатиш мумкин. Ушбу сатрлар муаллифи 1991 йилда кафедра аспиранти бўлган чоғларимда кафедрада ўттиз учта штат бирлиги бўлиб, унда учта фан доктори, профессор, ўттизта фан номзоди, доцентлар ишлашарди, хатто кафедра лоборант-котибаси ҳам илмий даражага эга эди. Бу ерда чоп этиладиган илмий тўпламлар, албатта, бутун Иттифоқ миқёсида акс-садо берарди. Энг муҳими, яратилган илмий тадқиқ методи адабиётшунослик сохасига, жумладан ўзбек назарий адабиётшунослигига, йил сайин кенг ва чуқур жорийланиб борарди.
Афсуски, сўнгги йилларда салоҳият ва қобилият савиялари турлича кафедраларнинг қўшилиши, ходимлар штатининг қисқариши, етакчи олимларнинг кексайиши, айримларни иш ўринларини ўзгартириши ҳамда илмда тасодифий кишиларнинг пайдо бўлиши оқибатида машҳур кафедра амалда тўқсонинчи йиллар ўртасида тарқалиб кетди: бир неча ёшлар бошқа институтлар ўтишди. Аммо Самарқанд адабиётшунослари илмий мактаби яратган илмий методнинг асосий жиҳатлари ва анъаналари илғор тафаккурли замонавий ўзбек адабиётшунослари ишларида, илмий-педагогик жараёнда тез-тез намоён бўлади.
Я.О.Зунделович яратган методология бадиий матнни, унинг қурилишини, бадиий қатламларини, шакл ва мазмундаги яхлитликни микродеталлар призмаси орқали ўрганишни англатади. Бу методологиянинг хусусиятлари амалиётда исботланган ва таҳлил қилинган қатор қоидалари билан асосланади. Бу қоидалар сирасига тадқиқотчи ва фақат матн, таҳлил учун алоҳида танланган муаллиф ва асар, «секин ўқиш» матнинг поэтик-структур таҳлили техникаси сифатида, матннинг «жарангдор» деталларини кўриш, эшитиш, тушуниш, танлаш ва улар билан ишлаш, уларни ўрганишдаги обьектив ва субьектив омиллар кабилар киради. Бу методология қоидаларини Б.С.Михайличенко юқорида кўрсатилган асарида батафсил ёритади.
Ўтган асрнинг етмишинчи йилларида адабиётшунослик сохасида адабий-тарихий методология устуворлик қилганлиги унинг ижтимоий, баъзан синфий баҳолаш усули ва фактографияга таяниши, бадиий матннинг сўз санъати ҳодисаси эканлигини ғайритабиий тарзда четга суриб қўйганди. Бунга зид тарзда, поэтик-структур таҳлил методи назариётчиларидан бири Еф.Магазанник шундай ёзади: «Адабиётшуносликка оид тадқиқотлар, уларнинг мақсад ва вазифаларидан қатьий назар, ўзининг специфик предмети – асарнинг бадиий, эстетик моҳиятига максимал яқинлашмоғи керак… Тадқиқот нуқтаи назари ва унинг предметига хос бадиий-эстетик сифат-савия ўртасидаги фарқни енгиб ўтиш, фақатгина поэтик таҳил воситасида амалга оширилиши мумкин. Бизнинг наздимизда, поэтика, бадиий асарнинг поэтик тузилиши унинг у ёки бу усул билан формаллашадиган унсурлари тузилиши-структураси эмас, балки асар таркибида «органик», «табиий» унсурлари хоссасининг, уларнинг ролини унда бевосита-эстетик намоён бўлишидир» (Магазанник Еф. «Проблемы поэтики», СамГУ, 1980, 10-с.- таржималар ўзимизники- Э.В.).
Таъкидланган фикрни одмилаштириб, оддий тилда изоҳлайдиган бўлсак, бадиий матнга сўз санъати ходисаси сифатида баҳо берилганда, унинг шаклда ярқ этиб «кўзга ташланадиган» сиёсий-мафкуравий элементлари-унсурларига қараб эмас, балки матн қатламида миллий ўзига хосликни, умуминсоний тубсиз чуқур фалсафани, гўзаллик-эстетикани элтувчи микродеталлар - ҳар бир сўз, деталь, ҳар бир шаклий кўриниш, хуллас барча-барча энг оддийдан тортиб ўта мураккаб унсурларгача баҳоланиши, англаниши, этимологияси ва семантикаси турли-туман параметрларда ўрганилиши ва охир-оқибатда юксак бадиийликни ҳосил қилувчи яхлит унсурга айланиши таҳлил қилинмоғи лозим. Очиғини айтоқ лозим, ушбу поэтик-структур таҳлил методологиясига ўхшаш илғор илмий назарияларнинг чуқур ўзлаштирилмаганлиги, олий таълим тизимида адабиёт илмига етарли эътибор берилмаётганлиги бугунги кунда санъат ҳодисаларини баҳолашда ҳар-хилликни, турли туманликни, охир-оқибатда тушуниш мушкул бўлган изоҳ ва талқинлар пайдо бўлишига сабаб бўлмаяптими, деб ўйланиб қоласан. Зеро, турли санъат турларига оид ҳодисаларга ОАВ, ТВ ва радио орқали бериладиган талқинлардан баъзан ёқа ушлайсан. Масалан, бир неча йиллардан буён театр ва кино сохаларида замонамиз қахрамони образи кўринмайди, шундай қахрамонлар ҳақида бадиий асарлар, драмалар яратилмаяпти, деган савол ўртага ташланган. Рус адабиётшуноси ва файласуфи илғор тафаккурли зиёлилар кенг эътироф этишадиган Бахтин адабиёт сўзини ёқтирмас экан. У кўпроқ сўз санъати иборасини қўллаган. Зеро, олим назарида адабиёт, русчасига «литература» сўзи “босма, қўйма сўз” сифатида совуқ таассурот қолдиради, идрок этишда маъносига путур етади, деган бир ғоя бор. Бизнинг назаримизда қахрамон сўзи ҳам худди шундай хоссага эга: қандайдир сиёсий, мафкуравий ёхуд сунъий талаб асосида истьемолга киритилганга ўхшайди. Ўша Бахтин назариясида асар персонажи қахрамон эмас, образ тарзида талқин этилади. Зеро, образ дейилганда, сиёсий-мафкуравийлаштирилган қуруқ атама эмас, илмий, янада муҳими, санъатга хос чуқур мазмундаги маъно тушунилади. Айтилганлар, гўёки оддий сўз ўйинидек кўринади, аммо бу фикримиз санъат, хусусан, сўз санъати сохасига оид атамаларни тўғри англаш, тўғри, мақсадга мувофиқ қўллаш уни юзакилик ва сохталикдан асрайди, сўз санъати ёки бошқа санъат турлари вазифаси ва предметини мантиқий идрок этиш ва англаш имконини беради. Бу назарий гапларни оддий китобхон учун бир оз тушуниш мушкул, аммо олий таълимда биз юқорида тўхталган назариялардан бохабар бўла олган зиёлилар гап нима ҳақда эканлигини жуда яхши англашади.
Сўнгги чорак асрда ижтимоий-маданий хаётда юз берган улкан ўзгаришлар, маданий-маънавий силкинишлар илмий-маданий сиёсатда, турмушда улкан ўзгаришларга олиб келди. Миллий-маънавий қадриятларнинг тикланиши, ўрганилиши ва авайлаб асралиши Мустақил юртимиз эришган ютуқларнинг пойдевори эканлиги рост. Юртимизда китобхонлик маданиятини ривожлантириш давлат сиёсати даражасига кўтарилган бир пайтда бадиий матннинг поэтик-структуравий таҳлили каби илмий методлар бу соханинг ўта муҳим назарий пойдевори бўлиб хизмат қилиши аниқ. Зеро жамиятда ҳар қандай маънавий-маърифий ғоянинг хаётга татбиқ этилиши унинг тарғиботчилари бўлган ўқитувчиларнинг тўғри ва самарали, асосланган илмий назариялар асосида амалга ошириши исбот талаб қилмас далилдир.
turobov
Прохожий
 
Сообщений: 51
Зарегистрирован: 17 янв 2017, 09:22
Имя: Abdurayim
Фамилия: Turobov
Статус: Учитель

Вернуться в Institut yangiliklari

Кто сейчас на форуме

Сейчас этот форум просматривают: нет зарегистрированных пользователей и гости: 1

cron