ҚИШКИ САМАРҚАНД (туркум) Эшқобил Вали

ҚИШКИ САМАРҚАНД (туркум) Эшқобил Вали

Сообщение mohigul » 17 янв 2017, 21:35

Эшқобил Вали

ҚИШКИ САМАРҚАНД
(туркум)

Фараҳбахш тонгларга умидим боғлаб,
Аршиаълодан ҳам тиладим тоқат.
Қутлуғ бир маконни минг йил улуғлаб
Фақат шеър битолдим шаънига фақат.

Қишки Самарқанднинг тунлари сокин,
Сокин тунларидан тонглари узоқ.
Шул сокин тунларда туғилармикин,
Савобли ашъору, зотлар буюкроқ!?
...............................................................
* * *
ЁМҒИР
Асл ёмғир
Гўр Амирнинг
ёнгинасидан,
ўтаётир
темурий қўшин.

ТУМАН
Бир осмон
Нам тўшак,
Бўрқситар нам пар.
Кўтарилар илоҳий кўрпа...
Нилий девордан
Ошиб тўшар
Регистоннинг
Учинчи шери.

ҚИШКИ САМАРҚАНД
Регистоннинг томидаги қор
Бунча гўзал, бунча сервиқор;
Гўё оппоқ салла ўраган
Тарих отли кекса оқсоқол.

Руҳободнинг оппоқ гумбази,
Момом айтган аллага ўхшар.
Жаранглайди кумуш овози,
На унутиб, на эслаб бўлар.

Қилич мисол ялтирайди қиш,
Гўр Амирнинг тарновларида.
Тўрт томонда тўртта Алпомиш
Тиғ тутгандек бедовларида.

Кетиб қолган бахши бобомлар,
Регистоннинг миёнасидан.
Қантар оғса, балки қайтарлар,
Офтоб тегиб пешонасидан.


ТАСКИН
Яна улгурмадик, яна қор ёғди,
Яна ҳисларимни қоплади туман.
Яна кунтарози тунларга оғди,
Айтмоқ сўзларимни бўғди Ёсуман!

На севги, на соқи беролмас таскин.
Вужудни ларзага солади оғриқ.
Дўстлар тарк этади, билдирмай секин,
Хира моғорлайди меҳрсиз борлиқ.

… Ҳали кўп вақтим бор, умидим бисёр:
Не-не йўқотишга бардош беролдим.
Бизга нима бўпти, ахир совуқ қор,
Ҳали кўп қорларни кўрамиз, қалбим.

* * *
Юрагимни мой босмиш зимдан
Шууримни қопламиш туман.
Чиқолмайман шаҳри азимдан
Ўксир мендан узоқ бир туман.

Ҳар шанбада ерлар музқалоқ,
Ҳар якшанба туғар хотиним.
Ҳар душанба ишда иш чатоқ,
Бошқа кунлар портлар мошиним.

Семираман гўшти қабондан,
Шундан ит гўшт қиламан газак.
Нусха олиб ажиб замондан,
Телевизордек тўқийман эртак.

Сўнг ўқийман секин, ичимда,
Ҳар бир мисра чекади ёху.
Юрагимни мой босар чиндан,
Кўзларимни элитар уйқу.

* * *
ҚИШЛОҚ ЙЎЛИДА
Болалигим йўқолган қишлоқ,
Бугун қалбим англай олмайди.
Сочларимга ёпишар тупроқ,
Энди ювсам кета қолмайди...

Мен исмини тупроққа ёзган
Қизча бугун бир қучоқ аёл.
Мени ойга учираёзган
Пахса девор унут, хомхаёл.

Туяқорин тикони учиб,
Бузиб қўяр бирдан хаёлим.
Қўлларимни бир қаттиқ чимчиб,
Асфальт йўлга бошлар аёлим.

* * *
Етади бас! Кетолмам қочиб
Аччиқ қисмат бағридан нари.
Қанча ёлғон гапирсам тўқиб,
Шунча маҳкам тутар чангали.

Тунлари ой қайрайди асаб
Масхарабоз кундузи қуёш.
Кўрган куним кун эмас - ғазаб,
Вужудимда қон эмас - кўз ёш!

Тақдир кўзи боғлиқмас сўқир,
Бахт қушининг кўзлари ғилай.
Омадфуруш юзлари чўтир
Йўлларда хор миллионлаб малай!


Толе - тахтсиз қолган ғолиба,
Ақл хароб-хор ғийбатхона.
Орзу - жабрдийда роҳиба
Юрак - унут ибодатхона.
- - -

Эшқобил Вали таниқли ёзувчи, шоир, таржимон ва адабиётшунос. Унинг ҳозиргача «Пахса қишлоғим» , «Минг иккинчи кеча» («Зарафшон» нашриёти ), «Сукунат мулки» (Ғ.Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти) шеърий китоблари нашр этилган. Насрий ва таржима асарлари республикамизнинг барча нуфузли журналларда, электрон нашрларда доимий чоп этилади. Валининг асарлари теран фалсафага, қизиқарли бадиий топилмаларга бойлиги, бадиий тафаккурнинг тиниқлиги, оригиналлиги билан зукко ўқувчи эътиборини жалб этади. Бу ижодкор ҳаётда камтарликка, ижодда киборликка интилади. Шундан-да унинг асарлари баҳсталаб: интеллектуал китобхонлар, юксак, том маънодаги сўз санъати ихлосмандлари, унинг асарларини юқори баҳолашади, қадрлашади. У рус адабиётидан А.С.Пушкин, М.Ю.Лермонтов, С.Есенин, М.Цветаева, А.Ахматова, О.Мандельштам, Б.Пастернак ва С.Кедриннинг қатор шеърларини, итальян ёзувчиси А.Барикконинг «1900» номли қиссасини, шу асар асосидаги бадиий фильмни, В.Вульф, А.П.Чехов ҳамда М.Зошенко ҳикояларини ва бошқа асарларни ўзбекчалаштирган. Унинг асарлари рус, инглиз, тожик, қорақалпоқ, хинд, урду ва итальян тилларига ўгирилган ва чоп этилган. .
Эшқобил Вали ҳақда қаранг: Михайличенко Б.С. Поэтика узбекского сонета. Самарканд. СамГУ, 1999.- стр.89; Бойқобилов Б. “Минг иккинчи кеча” тўпламига кириш сўз (Ғ.Ғулом нашриёти, 2001); Т. Усмон. Кўнгил амрига бўйсуниб (Эшқобил Вали шеъриятига чизгилар). Тошкент, “Моҳият” газетаси, 25. 01.2002 ; Б.Валихўжаев. Самарқанд – бу Самарқанд. . “Самарқанд” газетаси, 2002 йил 18 октябрь; Асад Дилмурод. “Шарқ юлдузи” журнали, 2002 №2; Сувонкулов И. Шаҳри дил-Самарқанд. “Самарқанд” газетаси, 2003 йил 18 октябр; «Зарафшон» газетаси, 2006 йил 5 декабр.
mohigul
Новичок
 
Сообщений: 10
Зарегистрирован: 10 янв 2017, 12:08
Имя: Mohigul
Фамилия: Djurayeva
Статус: Учитель

Вернуться в Tarjima nazaryasi va amaliyoti fakulteti

Кто сейчас на форуме

Сейчас этот форум просматривают: нет зарегистрированных пользователей и гости: 1

cron