ҚАЙСИ ФАН МУҲИМ ЁКИ АДАБИЁТСИЗ ФИЛОЛОГИЯ

ҚАЙСИ ФАН МУҲИМ ЁКИ АДАБИЁТСИЗ ФИЛОЛОГИЯ

Сообщение turobov » 23 фев 2018, 16:17

Эшқобил Вали

ҚАЙСИ ФАН МУҲИМ ЁКИ АДАБИЁТСИЗ ФИЛОЛОГИЯ

Дунёда турмоқ учун дунёвий фан ва илм лозим, замона илми ва фанидан бебаҳра миллат бошқаларга паймол бўлур
Маҳмудхўжа Беҳбудий
* * *
Таълим тарбия тизимини ва шу асосда онгни ўзгартирмасдан туриб маънавиятни ривожлантириб бўлмайди
И.Каримов. «Юксак маънавият – енгилмас куч» асаридан

Мустақиллик шарофати билан юртимиз олий таълим тизимида ўтказилаётган ислоҳатларнинг аҳамияти ниҳоятда катта. Улар Кадрлар тайёрлаш бўйича Давлат дастурини хаётга татбиқ этишда, умуман, таълим тизимини ҳамда жараёнини ташкил этиш ва амалга оширишда катта самараларни бермоқда. Бу ҳолат олий ўқув юртларининг моддий-техник базасини яратишда, салоҳиятли кадрлар билан таъминлашда, маънавий-маърифий тарбияни кучайтиришда яққол намоён бўлмоқда. Бу борадаги муваффақиятларни эътироф этган ҳолда, ҳали амалга ошириш зарур бўлган ишлар ҳам кўплигини, холис ва фидойилик билан меҳнат қилмоқлик зарурлигини тан олмоқ лозим. Биринчи Президентимизнинг сўнгги асарларида «таълим-тарбия масаласини давлат ва жамият назоратида бўлиши Асосий қонунимизда белгилаб қўйилган. Шу билан бирга, бу кенг жамоатчилик, бутун халқимизнинг иштироки ва қўллаб қувватлашини талаб қиладиган умуммиллий масаладир» дея таъкидлаганларидек, олий таълим тизимининг аксарият соҳаларидаги ислоҳатларнинг юксак самарасини қайд этган ҳолда, соҳанинг энг муҳим ва зарур томони бўлган таълим мазмуни борасида, айрим мулоҳазали ислоҳталаб ҳолатлар кузатилаётганини ҳам таъкидлаш керак. Хусусан, хорижий филология соҳасида. Гапни бир бошдан бошласак.
Ижтимоий-гуманитар соҳада олий маълумотга эга бўлган ҳар қандай мутахассисга маълумки, олий таълимнинг биринчи босқичида мутахассисликка кириш, жумладан, хорижий филология факультетларида адабиётшуносликка кириш (худди тилшуносликка кириш каби) фани ўта муҳим мутахассислик блоки фани сифатида биринчи курслардаёқ ўқитилмоғи шарт ва бу борада малакали мутахассис баҳслашиб ўтирмайди. Сўнгра ушбу фаннинг мантиқий давоми сифатида тили ўрганилаётган мамлакатларнинг қадимги дунё адабиёти (Европа тиллари учун Антик дунё адабиёти), Ўрта асрлар ва Уйғониш даври адабиёти, ХУП-ХУШ асрлар адабиёти, Х1Х ва ХХ асрлар адабиёти тарихи ва ҳозирги адабий жараён каби фанлар тўлақонли филологик таълим мазмунининг доимий бўлинмас таркибий қисми сифатида ўқитилиши шарт. Акс ҳолда олий таълим мазмуни саёзлашади, хорижий филология соҳасида мутахассисман деган кадрнинг билими саёз бўлади, қаллобликка йўл қўйилади. Олий таълим вазирлиги ўқув юртларига ҳар йили туширадиган ўқув режасида мазкур чет эл адабиёти тарихи ёки тили ўрганиладиган мамлакатлар адабиёти тарихи фани қатор йиллардан буён ҳажман қисқартирилиб (баъзан жаҳон адабиёти, адабиёт назарияси ва ҳокозо фанларини қўшиб жамлаганда ҳам), юқорида кўрсатилган мустақил юртимизнинг ва дунёнинг етакчи ўқув юртлари тажрибасида маъқулланган мазмуний изчиллик ва тўлақонлиликка зид келган ҳолда режалаштирилиб келинмоқда, яъни институтлар мутахассислари Илмий кенгаш қарорларига асосан мазмун мутоносиблигига қийинчиликлар билан эришишаёган бўлишса-да, ажратилган соатлар миқдори доим ҳам фанлар мазмунини тўлақонли ўргатишга имкон бермай қўйди. Холбуки, бу фан мутахассислик фани сифатида етарли миқдорда тегишли соатлар билан таъминланмоғи шарт. Масалан, ўтган ўқув йилида битирган бакалаврлар, «ўтиш плани» сабабли тили ўрганилаётган мамлакатлар адабиёти фанини (қарийб уч минг йиллик адабиёт тарихини) 34 соатлик ўқув юкланмаси хажмида икки семестр ўрганишди, холос. Янги ўқув йилида эса, масалан, адабиётшуносликка кириш фани бошланғич курсларга эмас, нимагадир таълим мантиқига зид тарзда юқори, учинчи курсга режалаштирилган. Ҳолбуки, узлаштирилиши ўта мураккаб фанлардан бўлган герман филологиясига кириш фани, аксинча, биринчи курсга режалаштирилган.
Ҳозирда республикамиз олий таълим тизимида ўрганилаётган асосий халқаро хорижий тиллар роман-герман тиллари оиласига мансуб бўлиб, бу тиллар шаклланган маданиятнинг таъмал тоши бўлган Антик адабиёт тарихи ёки Европа мамлакатларининг қадимги дунё адабиёти ва маданияти фан сифатида бутунлай ўқув режаларидан неча йиллардан буён тушиб қолаётганлигини қандай изоҳламоқ керак?! (таржимонлик йўналишидан ташқари!) Ахир Антик адабиёт тараққий топган дунё тамаддунининг башарият эътироф этган дурдоналаридан ташкил топган-ку!!! Таълим соҳаси учун асосий хужжатлардан бўлган Давлат таълим стандартларида ҳам «тили ўрганилаётган мамлакатлар адабиёти: инглиз, немис, француз, испан адабиётидаги халқ қахрамонлик эпослари, эрамизгача бўлган давр адабиёти (таъкид бизники –А.Э), илк Ўрта асрлар ва Уйғониш даври гуманист ёзувчилари…» (Давлат таълим стандартлари, Тошкент, 2008) ижоди фан мазмунинини асосини ташкил этиши махсус таъкидланган-ку. (Шу ўринда таълим стандартлари мазмун жихатдан ўзига хос мукаммалликка эга эканлигини алоҳида таъкидламоқ керак). Бу фан асрлар давомида ўқитилиб келинган ва келинмоқда. Жаҳоннинг нуфузли олий ўқув юртларида махсус антик ёки классик филология кафедралари мавжуд. Биз амал қилаётган ўқув режасида эса хатто итальян тили таълим йўналишида ҳам антик ёки қадимги юнон адабиётини ўрганиш назарда тутилмаган. Бизнинг олий ўқув юртларимизнинг айримларида чет эл адабиёти кафедралари тугатилиб юборилган, университетларда шаклланган кўп йиллик мактаблар турли формал талаблар баҳонасида барҳам топган.
Бундан ташқари, жорий ўқув йилида республикамиз олий ўқув юртларига, Олий ва ўрта махсус таълим ўқув-методик бирлашмалари фаолиятини Мувофиқлаштирувчи кенгашнинг 2008 йил 20 августдаги мажлисининг 4-сон баёни билан бира тўла тасдиқланиб, тажриба-синов учун йўлланган тили ўрганилаётган мамлакатлар адабиёти тарихи фанининг инглиз, немис ва француз тили таълим йўналишлари учун мўлжалланган дастурларида, нафақат юқорида таъкидланган Давлат таълим стандартларида адабиётга оид курслар учун белгиланган «халқ қахрамонлик эпослари, эрамизгача бўлган давр адабиёти» тарихи, балки ўша дастурларнинг бошида муаллифлари томонидан фан учун аниқ тарзда белгиланган талаблардаги «антик адабиётни ўрганиш» банди ҳам, асосий қисмда «унутиб» қолдирилган, яъни фан тарихини Ўрта асрлардан ўрганиш бошланган: қани мантиқ? Бу жиддий камчиликни француз тили таълим йўналиши учун тайёрланган дастурда тузатилиб, ўқув жараёнига татбиқ этиш мумкин. Зеро, бу дастур Миллий университетнинг етакчи адабиётшунос олимлари томонидан тузилган (тузувчилар чет эл адабиёти кафедраси мудири доц. Б.Эрматов ва б. ) ва унда француз адабиёти тарихининг асосий мазмуни деярли тўлиқ қамралган ҳамда бугунги талабга мос зарурий илмий ва ўқув адабиётлари батафсил кўрсатилган. Аммо Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг асосан тилшунос-мутахассислари(?) немис тили таълим йўналиши (тузувчилар немис тили лексикологияси кафедраси мудири, доцент М. Каримов, катта ўқитувчиси Д.Расулмухаммедова) ва инглиз тили таълим йўналиши (тузувчилар инглиз тили лексикология кафедраси мудири, доцент Ж.Матьяқубов, жаҳон адабиёти кафедраси катта ўқитувчиси Ю.Бобоқандов) учун тузишган ва яна қатор тилшунослар (!) тақриздан ўтказишган тили ўрганилаётган мамлакатлар адабиёти тарихи фанининг дастури, мулойимроқ айтганимизда, тузатилиши, тўлдирилиши ва қайта қилиниши шарт бўлган қатор сакталикларга тўлиб кетган. Жумладан, чет эл адабиётининг Антик давридан ташқари ҳозирги адабий жараён қисми ( сўнгги ўта муҳим ўттиз беш йилдан зиёдроқ давр) мутлақо қамралмаган, айрим ижодкорлар номлари унутиб қолдирилган, кўрсатилган ўқув адабиётларнинг баъзилари маънавий эскирган, айрим номдагилари ўзбек тилида амалда умуман чоп этилмаган, биз бу ўринда интернет тармоғи (масалан, Зиёнет) бошқа манбалар умуман кўрсатилмаганлигини айтиб ҳам ўтирмаймиз… Ҳолбуки, барча дастурлар Мувофиқлаштирувчи кенгашда кўрилгунга қадар турдош чет тили олий ўқув юртларига ёки чет эл адабиёти бўйича ўнлаб етакчи мутахассислар фаолият кўрсатадиган университетларнинг тегишли кафедраларига, тақризга жўнатилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди. Бу дастурлар ҳали тажриба-синов мақомига эга экан, албатта тегишли тузатишлар қилиниши, эҳтимол, зарурлари бошқа вариантда яратилиши шарт.
Шунингдек ўтган ўқув йилларида хорижий тиллар мутахассислиги учун ўта муҳим бўлган лотин тили ҳамда таржима назарияси фани ҳам ўқув режасидан тушириб қолдирилганлиги ажабланарли ҳолдир. Хайриятки ҳозирда ахвол бир қадар ўзгарди.
Шу ўринда эҳтиросларга берилмасдан ўтган ўқув йилида чет тиллар институтлари ўқув режасини бир қиёсий ўргансак. Шунда ўқув режасининг мазмун тамойили яққолроқ намоён бўлади. Масалан, инглиз филологияси таълим йўналиши бакалаврият босқичида ўрганилаётган асосий инглиз тилига 2008-2009 ўқув йилида жами 1456 соат, иккинчи чет тилига 528 соат хажмидаги ўқув юкланмаси тўрт академик ўқув йилига ажратилган. Бу фанларга ҳеч қандай эътироз бўлиши мумкин эмас. Мутахассислик фани ҳисобланган чет эл адабиёти тарихи фанига (қандай номланишидан қатьий назар) жами 68 соат (соф аудитория соатлари инобатга олинганда) ўқув юкланмаси ажратилган. Хатто инглиз тили ва адабиёти йўналишида биринчи курс режасида адабиётга оид бирорта фан режалаштирилмаганлиги қандай изоҳлаш мумкин!? Ҳолбуки, мутахассислиги хорижий тиллар филологи фақат ахборот технологиялари ва информатика фанини, филология факультетлари учун (?!) олий математикани қўшиб хисоблаганда 160 соат, ижтимоий фанларни 968 соат миқдорида ўрганар экан. Албатта, санаб ўтилган умумтаълим фанларининг аҳамиятини ҳеч ким рад этмоқчи эмас. Эҳтимол улар ҳажми айрим олий ўқув юртларида қисман фарқланар. Аммо фанда «ақлга тўғри келадиган сиғим, ўлчам» деган тушунча бор. Ўлчам бузилдими ё шаклга дарз кетади, ё мазмунга путур етади. Келтирилган ўқув юкланмасининг миқдорий ўлчамидан маълум бўлмоқдаки, режалаштиришни амалга оширганлар ё соха хусусиятларини яхши билишмайди, ё технократлардир. Акс ҳолда хорижий филология каби гуманитар таълим ўқув юкланмасини бу йўсинда режалаштиришмаган бўлишарди.
Биз бировни камситишдан, айниқса, турли ёрлиқлар тақишдан йироқмиз. Бундан Аллоҳнинг ўзи асрасин. Айтилганлар далиллар асосидаги фикрларимиз, холос.
Айтиш лозимки, қатор йиллар мобайнида биз, жойлардаги мутахассислар, чет эл адабиёти фанига тегишли режалардаги камчиликлар, баъзи марказда чоп этилган намунавий дастурлардаги хазм қилиб бўлмайдиган хатоликлар тўғрисида турли аттестациялар, режали ўрганишлар давомида ёзма тарзда хабар қилганмиз, анжуманларда фикрлашганмиз, аммо бизнинг мулоҳаза ва эътирозларимиз назардан четда қолиб келмоқда.
Ўрни келганда яна бир нарсани таъкидламоқчимиз. Албатта, олий таълим соҳасида умумтаълим ёхуд ижтимоий фанларнинг ўз ўрни ва аҳамияти ниҳоятда катта. Бироқ, бу фанлар орасида айримлари борки, улар аллақачон жаҳон таълим тажрибасида маънавий эскирган дея эътироф этилган. Масалан, валиология фани Россиянинг Новосибирск университетида (бу тўғрида интернет тармоғидан маълумот олиш мумкин) мазмунан инсон психологиясига зарарли деган қарашлар билан таълим дастуридан чиқариб ташланган. Бу далил умуман биз учун эталон бўлиб хизмат қилолмаслигини тушунамиз ва бунга қўшиламиз. Бу мулоҳаза учун мавзу, холос. Зеро, юқорида кўрсатилган адабиётшуносликка кириш, адабиёт назарияси ва антик адабиёт каби асосий мутахассислик фанлари ўрнига ўқув режасидан валиология фанига 38 соат ажратилган. Яна гуманитар таълим сохасидаги баъзи фанларнинг мазмуни мавхум, мақсади номаълум намунавий дастурлари борасида ҳам чуқурроқ мушоҳада қилиб кўрмоқ лозим. Масалан, бизнингча, маданиятшунослик фани шундай фанлар жумласидан. Зеро, ҳозирда ижтимоий таълим жаҳонда маданиятшунослик ёки культурология тарзида эклектик тизим сифатида ривожланаётганлиги кўпчиликка маълум ва бу аксиомадир. Бироқ, унинг бизнинг олий таълимда қайси фанлар ўрнида ўрганилаётгани мавҳумлигича турибди, чунки анъанавий этика ва эстетика бутунлай бошқа соҳа фанларидир. Бу гапимизнинг мазмуни мутахассисларга яхши аён.
Шу маънода муҳтарам Биринчи Президентимизнинг «янгисини қурмай, эски иморатни бузма» деган яна бир пурхикмат гапларини эсламоқ жойиз. Чунки, таълим соҳасида илмий мактаб яратиш учун ўн йилликлар зарур бўлса, шаклланган улкан ижтимоий-маданий ҳамда илмий-педагогик аҳамиятга эга бўлган соҳани таълим амалиётига жорий этиш учун чорак аср ҳам етмаса керак; бунга илмий асосланган дастурлар, замонавий адабиёт ва технология, энг муҳими, мутахассислар зарур. Шунинг учун ҳам гуманитар таълимнинг хорижий филология соҳаси учун ўта муҳим бўлган Антик адабиёт тарихи ёки лотин тили каби фанни четга суришга, адабиётшунослик каби фанни четлатишга асло ҳаққимиз йўқ! Биз бор мутахассислардан фойдаланишимиз, тажриба ва малакамизни оширишимиз, мустақил она юртимиз келажаги учун тинимсиз ва онгли тарзда меҳнат қилмоғимиз шарт.
turobov
Прохожий
 
Сообщений: 52
Зарегистрирован: 17 янв 2017, 09:22
Имя: Abdurayim
Фамилия: Turobov
Статус: Учитель

Вернуться в Tarjima nazaryasi va amaliyoti fakulteti

Кто сейчас на форуме

Сейчас этот форум просматривают: нет зарегистрированных пользователей и гости: 1

cron